Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги веб-сайтида виртуал қабулхона
Мурожаатлар доимий эътиборда
Мустақиллик йилларида Биринчи Президентимиз И.А.Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологоияларини жадал суръатларда жорий этиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Хусусан, давлатимиз томонидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган алоҳида эътибор самарасида инсон, унинг шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият даражасига кўтарилди.
Мурожаат этиш ҳуқуқи шахснинг энг муҳим ҳуқуқларидан бўлиб, у инсон ҳуқуқлари таъминланиши ва самарали ҳимоя қилинишининг асосий омилларидан биридир. Шу боис, миллий қонунчилигимизда мурожаатлар масаласига алоҳида ўрин берилган.
Мамлакатимиз Бош Қонунида ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларга ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги кафолатланган.
2014 йилдан кучга кирган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни жисмоний шахсларнинг давлат органларига мурожаат этиши тартибини янада такомиллаштирди. Шунингдек, ушбу Қонун билан юридик шахсларнинг ҳам мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ ижтимоий муносабатлар ҳуқуқий тартибга солинди.
Мана шу амалий ишларнинг мантиқий давоми сифатида мурожаатлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш учун 2016 йил 27 октябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, шаҳар ва туманлари ҳокимларининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларини сўзсиз бажариш юзасидан жавобгарлиги тўғрисида”ги қарори қабул қилинди ва, албатта, бу борадаги саъй-ҳаракатлар давлат сиёсати даражасидаги устувор вазифага айлантирилди.
Эндиликда жисмоний ва юридик шахслар учун адлия вазирлиги фаолиятига оид мурожаатларни тезкор, қулай ва замонавий электрон воситалари ёрдамида тўғридан-тўғри виртуал қабулхона орқали йўллаш имкони яратилди.