Янгиликлар
Ҳуқуқий экспериментда ННТлар иштироки
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмасида “Ҳуқуқий экспериментни амалга оширишда ННТларнинг иштироки ва муносабатининг муҳим масалалари” мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Муҳокамада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Бухоро вилояти давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, сиёсий партиялар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар таъкидлаганларидек, ушбу ҳуқуқий эксперимент қонун ҳужжатларининг барқарорлигини таъминлаш билан бирга Ўзбекистонда жорий этилган демократик институт экани таъкидланди. Шунингдек, ҳуқуқий эксперимент давомида олдимизда турган асосий вазифалардан бири бу ахборотлашган жамиятни қуриш ва кадрлар барқарорлигига эришишдир.
Илмий-амалий семинар қатнашчилари муҳокама қилинаётган масала бўйича фикр алмашиб, ҳар бир идорада ахборот хизматига алоҳида эътибор бериш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятини кенгроқ очиб бериш, матбуот орқали ёритиб берилган муаммоли материалларнинг натижасини кўрсатиб бериш лозимлиги айтиб ўтилди.
Шу билан бирга нодавлат нотижорат ташкилотлари - ҳуқуқий эксперимент давомида қонун лойиҳасида оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланишини таъминлашнинг тегишли механизмлари ишлаб чиқилишидан ва кейинчалик қонун лойиҳасида кенг акс эттирилишидан манфаатдор эканлиги қайд этилди.
Бу, шубҳасиз, давлат органлари раҳбарлари томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг сифати учун уларнинг масулиятини ошириши айтиб ўтилди.
Таъкидландики,фуқаролик институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳозирги кунда демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланмоқда, фуқароларнинг ижодий салоҳиятларини руёбга чиқариши, уларнинг ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллиги ва сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш учун шароит яратмоқда, жамиятда манфаатлар мувозанатини фаол таъминлашда кўмаклашмоқда. Давом этаётган ҳуқуқий тажрибада ҳам ННТларнинг роли жуда муҳим.
Семинар якунлари бўйича иштирокчилар ҳамкорликда ҳуқуқий тажрибани Бухоро вилоятида амалга ошириш бўйича тегишли тавсиялар ва таклифлар ишлаб чиқишди.