Янгиликлар
Илмий-амалий конференция
Тошкентда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги: илмий-назарий асослар ва халқаро тажриба” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси, Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан ташкил этилди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикасининг "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги қонун лойиҳаси нормаларини синовдан ўтказиш бўйича ҳуқуқий тажрибани амалга ошириш ишчи комиссияси ҳамда ишчи гуруҳлари аъзолари, миллий ва халқаро экспертлар, ҳуқуқшунос олимлар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш давомида халқаро стандартларга жавоб берадиган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамланган сўз эркинлиги принциплари ва фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқининг рўёбга чиқарилишини кафолатлайдиган қонунчилик базаси яратилди. Чунончи, Асосий Қонунимизнинг 30-моддасида барча давлат органлари ва мансабдор шахслар фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозимлиги белгиланган. Ушбу қоида ва принциплар қатор қонун ҳужжатлари, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонунлари ва бошқа ҳужжатларда ўз ифодасини топган. Мамлакатимизда ахборот соҳасини жадал ва эркин ривожлантириш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий ва моддий-техник шароитлар яратилган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А.Саидов, Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси А.Жўрабоев ҳамда бошқалар шу ҳақида гапирди.
Айни пайтда Бухоро ва Самарқанд вилоятларида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси нормалари синовдан ўтказилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида ишлаб чиқилган ушбу қонун лойиҳаси ижтимоий ҳаётни янада эркинлаштириш ва демократлаштиришда муҳим ҳужжатлардан биридир. Қонун лойиҳасида жамоатчиликни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти ҳақида хабардор қилиш процедуралари белгиланган бўлиб, аҳоли, жамоат бирлашмаларининг улар томонидан қабул қилинаётган қарорлар, аввало, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинлиги ҳамда қонуний манфаатларига тааллуқли қарорлар тўғрисидаги ахборотдан янада кенг фойдаланишини таъминлаш кўзда тутилган. Ушбу ҳужжатнинг ҳаётга татбиқ этилиши ижро ҳокимияти органларининг мазкур қарорлар сифати учун масъулиятини оширишга хизмат қилади.
Тадбир қатнашчилари ҳуқуқий тажрибаларнинг ўтказилиши қонун ижодкорлиги фаолиятининг замонавий ва самарали услубларидан бири эканини таъкидлади. Мазкур тажрибадан халқаро амалиётда кенг қўлланилмоқда ва бу ишлаб чиқилаётган қонун ҳужжатлари лойиҳалари ҳуқуқий нормаларининг ҳаётийлигини таъминлаш бўйича жамият ҳамда давлат қурилиши амалиёти билан узвий боғлиқ бўлган, илмий жиҳатдан асосланган тавсияларга эга бўлиш имконини беради. Ҳуқуқий тажрибаларни ўтказиш усулидан фойдаланиш миллий қонун ижодкорлиги жараёнини демократлаштиришга кўмаклашади.
Бухоро ва Самарқанд вилоятлари жамоатчилигига ҳуқуқий тажриба бошлангани ва жойлардаги давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш тартибининг ўзгаргани тўғрисида маълум қилинди. Масалан, янги талабларга биноан жисмоний ва юридик шахсларнинг расмий талаби у рўйхатга олинган кундан бошлаб ўн беш кун ичида, оммавий ахборот воситаларининг тажриба субъектлари фаолияти, унинг мансабдор шахслари билан интервью ташкил қилиш ҳақидаги талаби эса етти кундан ошмайдиган муддатда кўриб чиқилиши шарт. Бунда ахборот олиш талаблари ёзма, жумладан, электрон ҳамда оғзаки шаклда бўлиши ва бевосита, ахборот олишдан манфаатдор шахсларнинг ваколатли вакиллари орқали юборилиши ҳам мумкин.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш принципи “электрон ҳукумат” концепциясининг муҳим услубий қисмидир. Президентимиз Ислом Каримов Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил январда бўлиб ўтган мажлисида ушбу концепцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарурлигини таъкидлаган эди. Конференция қатнашчилари “электрон ҳукумат” тизимини шакллантириш бўйича халқаро тажрибани ўрганишга алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, Корея Республикасида “электрон ҳукумат”ни ташкил этиш жараёни тўғрисида маърузалар тингланди.
– Ўзбекистонда “электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш давлат бошқаруви органлари томонидан аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада яхшилашга ёрдам беради, – деди Ўзбекистон ва Кореянинг АКТ соҳасида ҳамкорлик лойиҳаси мувофиқлаштирувчиси Ан Хён Су. – БМТнинг жаҳонда “электрон ҳукумат”ни ривожлантириш ҳолати тўғрисида яқинда эълон қилинган ҳисоботида мамлакатингизда “электрон ҳукумат”ни жорий этиш, жумладан, тегишли ҳуқуқий асосларни мунтазам такомиллаштириш ҳамда ҳукумат порталини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юқори баҳоланган.
Тадбирда Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт дастури экспертларининг турли мамлакатларда давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш услуби тўғрисидаги маърузалари тингланди. Шунингдек, конференция иштирокчиларига жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ахборот хизматлари фаолиятини такомиллаштиришга доир лойиҳаларни мамлакатимизнинг турли ҳудудларида амалга ошириш амалиёти ҳақида ахборот тақдим этилди.
Конференция якунида ҳуқуқий тажрибаларни ташкил этиш услубларидан фойдаланиш асосида миллий қонун ижодкорлиги тизимини такомиллаштириш, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгиланган ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлашга доир вазифаларни самарали амалга оширишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди.