Янгиликлар
Фуқаро мурожаати қонун ҳимоясида
Фуқаро мурожаати қонун ҳимоясида
Президентимиз Ш.М.Мирзиёев фуқароларнинг мурожаатлари, уларни кўриб чиқиш, ҳал этиш масалаларига доимо алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлаганларидек, бугунги шиддат билан ўзгараётган замонда, энг муҳими халқимизнинг кундан-кунга ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва шу билан бирга уларнинг талаб-эҳтиёжлари ортиб бораётган ҳозирги пайтда раҳбар кадрларнинг масъулияти юқори бўлиши лозимлиги, яъни фуқароларнинг мурожаатларига раҳбарларнинг эътибор билан ёндашиши муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, мурожаат этиш ҳуқуқи сиёсий ҳуқуқ сифатида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасида мустаҳкамланиб, унга кўра ҳар бир шахс бевосита ўзи ёки жамоа тарзида давлат органларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадир.
Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига жиддий эътибор қаратилиб, уларни ўз вақтида ва сифатли ўрганиб чиқиш чоралари кўрилмоқда жумладан, Бухоро шаҳрида яшовчи фуқаро К.Атоевнинг ишга тиклашда амалий ёрдам беришни сўраб қилган мурожаати Бухоро вилояти адлия бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида фуқаро К.Атоев “Асака” акциядорлик тижорат банки Бухоро вилоят филиали томонидан ғайриқонуний равишда меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги аниқланиб, фуқаро манфаатида ишга тиклаш мажбурий прогул кунлари учун ҳақ ҳамда етказилган моддий зарарни ундириш бўйича Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судига даъво аризаси киритилди.
Суд қарорига асосан даъво қаноатлантирилиб, фуқаро К.Атоев ўз вазифасига ишга тикланиб, жавобгар “Асака” акциядорлик тижорат банки Бухоро вилоят филиалидан мажбурий прогул кунлари учун 1 847 102 сўм иш ҳақи ва 921 000 сўм маънавий зарар ундирилди ҳамда мурожаат қаноатлантирилди.
Бухоро вилоят адлия бошқармаси ходими
Туйғун Азимов