Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

20

Фуқароларнинг турар-жойга бўлган мулк ҳуқуқини рўёбга чиқариш давлат эътиборида


Юртимизда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларга кенг шароитлар яратиш, уларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уй-жой билан таъминлаш ва бошқа соҳаларда кўплаб ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, аҳолини уй-жой билан таъминлашда айниқса қишлоқ аҳолисини намунавий асосларда қурилган уй-жой билан таъминлашда кенг кўламли ишлар амалга оширилиб кўплаб уйлар қурилмоқда. Ушбу ислоҳотларнинг давоми ва аҳолини қийнаб келаётган муаммоларнинг ечими сифатида 2018 йил 20 апрелдаги “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги ПФ-5421-сон фармони қабул қилинди.

Ушбу фармонга асосан фуқароларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойларига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича 2019 йил 1 майгача бир марталик умумдавлат акцияси эълон қилинди. Ушбу акцияга мувофиқ фармон қабул қилинган вақтга қадар қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойга, яъни ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан белгиланган мезонларга жавоб берганда мулк ҳуқуқи эътироф этилиши мумкин.

Фармон билан эълон қилинган акция қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган ерларда ва кўп қаватли уйларда ўзбошимчалик билан қурилган қурилмаларга нисбатан қўлланилмайди ва уларга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилмайди.

Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йил 21 июнда “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида” 2018 йил 20 апрелдаги ПФ-5421-сон фармони ижросини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида”ги 461-сонли қарори қабул қилиниб, қарор билан ариза бериш, аризаларни кўриб чиқиш тартиби ва асослари, комиссия аъзоларининг таркиби, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилди. Ушбу қарорнинг ўзига хос жиҳатидан биттаси ушбу жараёнда фуқароларнинг оворагарчилигига йўл қўймаслик ҳамда вақтини тежаш мақсадида ҳар бир комиссия аъзоси ўзига тегишли масалаларни жойига чиққан ҳолда ўрганиши белгиланди. Бунда фуқаро давлат хизматлари марказига мурожаат қилиши, ўзи билан паспорт нусхаси ва оила аъзолари ҳақидаги, ерга эгалик қилиш муддати ва иморат қурилган вақт кўрсатилган фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органининг маълумотномалари тақдим этилади Ушбу ҳужжатлар билан бирга белгиланган шаклдаги ариза тақдим этади, холос.

 Ушбу акция доирасида Бухоро вилояти адлия бошқармаси, туман (шаҳар) адлия бўлимлари ҳамда давлат хизматлари марказлари, комиссия аъзолари билан биргаликда маҳаллалар кесимида тасдиқланган режа-жадвал асосида уйма-уй юриб фуқароларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқариш мақсадида ҳуқуқий тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Шу кунга қадар барча маҳалла фуқаролар йиғинларига юқоридаги қарор мазмун-моҳияти тушунтирилган кўрсатма хатлар киритилди. Уйма-уй юриб ҳар бир фуқаро билан билан суҳбат ўтказилиб, унга ушбу фармон ва қарор мазмуни-моҳияти, оқибатларини тушунтириш бўйича амалий ишлар амалга оширилмоқда. Давлат хизматлари марказлари ходимлари билан биргаликда жойига чиққан ҳолда фуқаролардан аризалар олиниши амалиёти жорий қилинди.

Амалга оширилган ишлар самараси ўлароқ ҳозирги кунга қадар Бухоро вилояти бўйича фуқаролардан ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этишни сўраб 11261 та ариза қабул қилинишига эришилди (11.12.2018 унги маълумот). Ушбу қабул қилинган аризалардан 2539 тасига комиссия аъзолари томонидан ижобий хулосалар берилиб, уларнинг ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларига нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилди.   

Жумладан, Ромитан туман Боғитуркон МФЙ Урганжи қишлоғида яшовчи Жўраев Фазлиддин Тўраевич ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этишда амалий ёрдам беришни сўраб, қилган мурожаати ўрганиб чиқилиб, жорий йилнинг 3 декабр куни туман ҳокимининг ўзбошимчалик билан қурилган турар жойга нисбатан мулк ҳуқуқини белгилаш тўғрисидаги қарори чиқарилиб, мурожаат қаноатлантирилди.

Ушбу бир марталик умумдавлат акцияси ўтказилиши давлатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига бўлган эътибор ва халқ манфаатлари ҳар нарсадан устун қўйилаётганлигининг яна бир исботи бўлиб хизмат қилади. Фуқароларнинг уй-жойларига нисбатан мулк ҳуқуқининг берилиши уларнинг ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватланишига олиб келади.

 

Ш.Тойиров

Бухоро вилоят адлия бошқармаси масъул ходими