Янгиликлар
САЙЁР ҚАБУЛ – ФУҚАРОЛАР МУАММОЛАРИНИ ҲАЛ ЭТИШНИНГ МАҚБУЛ ЙЎЛИ
Жорий йилнинг 21 февраль куни Бухоро вилоят адлия бошқармаси раҳбарияти ва Қоракўл туман адлия бўлими томонидан Қоракўл туманидаги “Деҳқонобод” МФЙ биносида аҳолининг муаммолари юзасидан сайёр қабул ўтказилди.
Сайёр қабулда вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари А.Рахматов томонидан ҳудуд аҳолиси билан уларни қийнаб келаётган муаммолар юзасидан очиқ мулоқот олиб борилди.
50 дан ортиқ фуқароларни қамраб олган сайёр қабулда адлия ходимлари томонидан янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги ЎРҚ-474-сон Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги 461-сон Қарорининг мазмун моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш юзасидан маъруза қилинди.
Шунингдек, фуқаролардан туғилганлик гувоҳномасини расмийлаштириб бериш, никоҳни расмий қайд этиш, уй-жой қуриш учун ер ажратиш, электр таъминоти, моддий ёрдам, иш ҳақи ҳамда меҳнат ва бандлик масалалари юзасидан 10 та мурожаатлар қабул қилинди ва 20 дан ортиқ мурожаатларга жойида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Бундан ташқари, сайёр қабул ташкил этилган ҳудудда яшовчи ногиронлиги бўлган шахсга ногиронлик аравачаси етказилди ҳамда кам таъминланган оилалар аҳволидан хабар олинди.