Янгиликлар
Коррупцияга йўл йўқ!
Коррупция – қонуннинг қўпол равишда бузилишидир. Энг ёмони, уни амалга оширадиган шахс бошқаларнинг ҳуқуқларига путур етказади. Шунинг учун ҳам коррупцияга қарши курашиш долзарблигича қолмоқда. Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг зарурий ҳуқуқий асослари мавжуд. Жумладан, 2017 йил 3 январда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни коррупцияга қарши курашиш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Қонун ижросини тўлиқ таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ““Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.
Адлия тизимида ҳам коррупцияни бартараф этиш бўйича жиддий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Аввало адлия органлари ва муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизими тубдан қайта кўриб чиқилди. Нотариат соҳасида коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар борлиги ва бу борада кўплаб фуқароларнинг норозилиги юзага келаётганлиги сабабли мазкур соҳага муносиб ва ҳалол кадрларни танлаш ҳамда танлов жараёнини шаффоф ўтказиш мақсадида нотариус лавозимига танловларни онлайн кузатиб бориш амалиёти йўлга қўйилди.
Шунингдек, нотариал идораларда видеокузатув камералари ўрнатилиб, иш фаолиятини узлуксиз мониторинг қилиш тизими жорий этилди. Коррупцияни олдини олиш мақсадида, қисқа муддатли текширишлар ва “Сирли мижоз” тадбирлари ўтказиш тартиби жорий қилиниб, вазирлик фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликка муҳим ахборотлар теришга қаратилган “Очиқ адлия” (“Open Justise”) ижтимоий дастури тасдиқланди.
Бундан ташқари, нотариат тизимида коррупциянинг олдини олиш учун тўловларни онлайн тарзда амалга оширилиши ва бунда тўлов квитанциялари “Биллинг” тизими орқали чиқарилиши тартиби ҳам йўлга қўйилди. 2019 йил 1 июндан бошлаб нотариуслар фаолиятида “СМС хабар” тизими жорий этилди. Мазкур тизимнинг жорий этилиши коррупция қарши курашнинг яна бир тури бўлиб, бунда мижоз нотариал ҳаракат учун амалга оширган тўлов миқдори унинг телефон рақамига СМС шаклида маълумот юборилиб, хабар охирида тасдиқлаш коди кўрсатилади. Мижоз мазкур тасдиқлаш кодини нотариал идора ходимига айтгандан сўнг код тўловлар қисмига киритилсагина нотариал ҳаракатни тасдиқлаш мумкин бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, коррупцияга қарши курашишдаги механизмнинг мустаҳкамланиши ҳар бир раҳбар, ҳар бир фуқаронинг ўзига юклатилган вазифани сидқидилдан, ҳалол адо этишини талаб этади. Бу эса мамлакатимизда соғлом муҳит қарор топишига, ижтимоий-сиёсий барқарорлик янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Ромитан туман 2-сон ДНИ нотариуси С.Ҳалимова.