Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

20

Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш ва ҳужжат топширишдаги ўзгаришлар


Жорий йилнинг 27 апрель куни Вазирлар Маҳкамасининг 360-сон қарори билан ““Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори”га ўзгартириш ва кўшимчалар киритилди.

Эндиликда олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишда 086-у-шакл бўйича тиббий маълумотнома талаб қилинмайди.

Шунингдек, киритилган қўшимчалар билан сиртқи таълим шаклига ўқишга қабул қилиш тартиби белгиланди.

Сиртқи таълимга ҳужжатлар 1 июлдан 30 июлгача қабул қилинади.

Кириш имтиҳонлари 16 августдан 25 августгача камида 3 та фандан ўтказилади. Ёзма имтиҳонлар шифрланган ҳолда текширилади.

Имтиҳонлар бакалавриат таълим йўналишларига мувофиқ келувчи 3 та фандан тўпланиши керак бўлган максимал 189,0 баллдан, ҳар бир фаннинг ўрнига қараб унинг учун ажратилган энг кўп баллнинг 0 дан 100 фоизгача бўлган оралиқда баҳоланади.

Натижалар имтиҳондан кейин 1-3 кунда таълим муассасасининг расмий сайтида эълон қилинади.

Шунингдек, магистратурага киришда қуйидагилар бекор қилинди:

магистратурага кирувчиларнинг илмий ва илмий-педагогик ишларга қобилияти ҳамда қизиқишини аниқлаш мақсадида танланган мутахассисликка мос саволлар асосида суҳбат;

“Информатика ва ахборот технологиялари” фани бўйича синов;

Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти фани бўйича синов.

Магистратурага ҳужжат топширганларнинг TOEFL бўйича камида 72 ёки IELTS бўйича камида 5,5 балл бўлганида улар чет тилидан кириш синовида иштирок этмайди. Илгари бу натижалар TOEFL бўйича камида 58 ва IELTS бўйича камида 5 балл бўлиши керак эди.

Ўқишини баҳорги семестрга қайта тиклаш бўйича ариза топшириш ҳар йили 15 январдан 25 январгача давом этади. Илгари 20 декабрдан кейинги йилнинг 20 январига қадар эди.

Ҳукумат қарорига мувофиқ, хорижий фуқароларнинг ўқишини хорижий таълим муассасаларидан Ўзбекистонга кўчириш суҳбат асосида амалга оширилади.

Олий таълимнинг турдош таълим йўналишлари таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади. Илгари турдош таълим йўналишлари 3 та мезон асосида аниқланган.

Кўзи ожизлар ва ногиронлар учун ажратилган квота асосида ўқиётган талабалар давлат гранти асосида ўқишдан кўчириши мумкин.

Шунингдек, олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжат топшириш бўйича давлат хизматини туманлардаги Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилиши абитуриентларга Республиканинг исталган ҳудудида жойлашган олий таълим муассасасига ўзининг туманидан чиқмасдан туриб ҳужжат топшириш, шунингдек онлайн тарзда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳужжат топшириш имконияти яратилди.

 

Когон шаҳар ДНИ нотариуси Н.Гуламов