Янгиликлар
Савол жавоблар
Савол:
Эрим ўзини номида бўлган, никоҳга қадар сотиб олган уй-жойни менинг розилигимсиз сотиб юбормоқчи. Ушбу уй-жойни мен эрим билан биргаликда бузиб қайта қурганмиз. Уйни қайта қуришда менинг ҳам ҳиссам бор. Уй-жойни сотишда менинг ҳам розилигимни олишлари учун қандай йўл тутишим лозим?
Н.Қобилова, Бухоро шаҳри.
Жавоб:
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 25-моддасига кўра эр ва хотиннинг никоҳга қадар ўзига тегишли бўлган мол-мулки, шунингдек улардан ҳар бирининг никоҳ давомида ҳадя, мерос тариқасида ёки бошқа бепул битимлар асосида олган мол-мулки улардан ҳар бирининг ўз мулки ҳисобланади.
Никоҳ давомида эр-хотиннинг умумий мулки ёки улардан ҳар бирининг мол-мулки ёхуд эр ва хотиндан бирининг меҳнати ҳисобига мол-мулкнинг қиймати анча ошишига олиб келган маблағлар (капитал таъмирлаш, қайта қуриш, қайта жиҳозлаш ва бошқалар) қўшилгани аниқланса, эр ёки хотиндан ҳар бирининг мол-мулки уларнинг биргаликдаги мулки деб топилиши мумкин.
Шунга кўра, уй-жойни қайта қуришда қўшган ҳиссангиз бўйича фуқаролик судига мурожаат қилишингиз мумкин.
Саволга Бухоро шаҳар 9-сон ДНИ нотариуси Э.Шеров жавоб берди.