Янгиликлар
Ўзбекистонда аёлларга эътибор юксак
Ҳаммамизга маълумки, аёл – нафосат ва гўзаллик тимсоли. Унинг меҳридан қалблар сурурга тўлади. Аёлнинг жамиятдаги мавқеи ҳақида сўз кетганда, кўз ўнгимизда Тўмарис, Бибихоним, Нодирабегим, Увайсий каби буюк сиймоларимиз гавдаланади. Уларнинг ҳаёт йўли, дунёқараши, мавқеи асрлар давомида юртимиз аёлларининг чинакам тимсоли бўлиб келмоқда.
Мустақиллик йилларида юртимизда хотин-қизларимизнинг жамиятдаги мавқеи янада мустаҳкамланди. Давлатимиз раҳбарининг ҳар йили 8 март байрами муносабати билан Ўзбекистон хотин-қизларига йўллаган табрикларида инсон том маънода эркин, озод ва фаровон яшайдиган фуқаролик жамияти қуриш йўлида жонкуяр ва фидойи хотин-қизларнинг ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётганини таъкидлар экан, жумладан шундай деди: "...олдимизда янги-янги муаммо ва синовлар пайдо бўлаётган ҳозирги ғоят мураккаб даврда сиз, муҳтарама опа-сингилларимиз ҳаётнинг турли соҳа ва тармоқларида – бу давлат ва жамият қурилиши, саноат ёки қишлоқ хўжалиги бўладими, таълим-тарбия ёки соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва спорт бўладими – буларнинг барчасида биз билан ёнма-ён туриб, фидокорона меҳнат қилиб келаётганингизни халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди".
Дарҳақиқат, Юртбошимиз хотин-қизларнинг фаоллигини янада ошириш, уларнинг мавқеини юксалтириш, ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоялаш, жамиятда ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиши учун зарур ижтимоий, сиёсий-иқтисодий шарт-шароитларни яратиш масаласига доимий эътибор бериб келмоқда. Мустақиллик йилларида жамият ҳаётининг барча жабҳаларида хотин-қизлар ролини кучайтириш ва мақомини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя этиш юзасидан салмоқли ишлар қилинди. Ўзбекистонда хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқли экани конституциявий принцип ҳисобланади. Конституциямизнинг ХIV боби оила, оналик ва болаликка бағишланган. Ўзбекистон 1995 йили Марказий Осиё мамлакатлари орасида биринчилар қатори БМТнинг "Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида"ги конвенциясига қўшилган.
Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларга қўшимча имтиёзлар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг давлат ва ижтимоий қурилишида хотин-қизларнинг ролини ошириш чоралари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари мамлакатимиз хотин-қизларининг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этди. Мазкур қонун ҳужжатлари асосида мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар самараси ўлароқ, хотин-қизларнинг ишлаб чиқариш, тадбиркорлик ва бошқа соҳалардаги иштироки тобора кенгаймоқда. Юртимизда оила, оналик ва болалик манфаатларини таъминлаш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий жиҳатдан муҳофазалаш, жойларда уларни иш билан таъминлаш, саломатлигини мустаҳкамлашга оид чора-тадбирлар кўлами ортмоқда.
Шунингдек, жамиятимизда хотин-қизлар жамоат ташкилотларининг ҳуқуқий ваколатларини кенгайтириш, фаолият самарадорлигини янада оширишга ҳам катта эътибор берилмоқда. Бугунги кунда хотин-қизларнинг салмоқли қисми нодавлат нотижорат ташкилотларининг таълим, аёллар ҳуқуқлари, репродуктив саломатлик, касбий тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, атроф-муҳитни ҳимоялаш каби соҳаларда самарали фаолият кўрсатмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, инсон ҳуқуқларига олий қадрият сифатида қаралаётган юртимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол иштирокини таъминлаш учун барча ҳуқуқий асослар, шарт-шароитлар мавжуд. Жумладан, вакиллик органларига оид сайлов қонунчилигида аёлларга имтиёзлар белгиланган. “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонунда хотин-қизлар сони сиёсий партиялардан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида 30 фоизини ташкил этиши лозимлиги қайд этилгани ҳам фикримизни яққол исботлайди. Қувонарлиси шундаки, юртимиз аёллари нафақат йирик мутахассис, балки сенатор ёки депутат, олима, раҳбар сифатида мамлакатимиз тараққиёти йўлида фидокорона меҳнат қилиб келмоқдалар. Ушбу фикримизнинг яна бир тасдиғи сифатида кечагина Т.Норбоеванинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси этиб тайинланганлигини айтишимиз мумкин.
Бунинг ҳуқуқий асоси Конституциямизнинг 46-моддасида “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар”, дея кафолатланган.
Биз қураётган жамият фуқаролик жамиятидир. Чунки жамият тараққиёти бугунги кунда шундай юксакликка кўтарилганки, унда инсон ҳуқуқлари олий қадрият сифатида ҳимоя қилинади. Хоҳ давлат ташкилоти, хоҳ нодавлат ташкилоти бўлсин, барча институтлар, инсон ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, шунингдек, хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатларини янада мустаҳкамлаш борасида тинимсиз иш олиб бормоқдалар.
Бир сўз билан айтганда, қишлоқларимизнинг янада обод, кўркам, замонавий тус олиши учун қўлимиздан келган барча ишни қилишимиз, қишлоқ аҳли маънавиятининг янада теранроқ бўлишига, аёллар орқали оилада тинчлик, хотиржамлик, барқарорликни таъминлашга эришишимиз даркор.
Н.Султонова
Когон туман ДНИ нотариуси