Янгиликлар
Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг роли.
Бугунги кундаги ислоҳотлар фуқаролар йиғинларининг уйма-уй юриб аҳоли муаммоларини аниқлаб, оғирини енгил қилиш борасида давлат идоралари, шу жумладан, Халқ қабулхоналари ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар билан ҳамкорлигини кучайтириш, моддий-техника таъминотини яхшилаш ҳамда соҳа ходимлари меҳнатини муносиб баҳолаш юзасидан аниқ чора-тадбирларнинг амалга оширилишини талаб этмоқда.
Жорий йилнинг 2 апрелида “Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.
Фармоннинг асосий мақсади маҳалланинг жамият бошқарувидаги ўрни ва фаолияти самарадорлигини ошириш, фуқаролар йиғинлари ишини ташкил этишнинг замонавий механизмларини жорий қилиш, соҳага малакали, бой ҳаётий тажрибага эга ва фидойи кадрларни жалб этиш ҳисобланади.
Фармонга мувофиқ, мурожаатлар билан ишлаш, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича “Маҳалла – сектор – халқ қабулхонаси – маҳалла” принципи асосида ҳамкорлик тизими жорий қилиниши йўлга қўйилди.
Мазкур тизимнинг асосий йўналиши муаммоларни аниқлаш ва ҳамкорликда бартараф этиш чораларини кўриш, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳисобланади.
Жамоатчилик асосида фуқаролар йиғини раиси ўринбосари – ижтимоий ва маънавий-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчи ҳамда фуқаролар йиғини раиси ўринбосари – тадбиркорлик, томорқа ер эгалари фаолиятига кўмаклашиш ва ободонлаштириш ишлари бўйича маслаҳатчи лавозимлари жорий этилди.
Фармонга мувофиқ “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари ташкил этилади.
Фуқаролар йиғинлари раислари ҳар чоракда долзарб муаммолар тўғрисидаги маълумотларни секторлар раҳбарлари ва Халқ қабулхоналарига тақдим этиб боради.
Энг долзарб муаммолар секторлар раҳбарлари ва Халқ қабулхоналари томонидан тегишли дастурларда инобатга олиш учун тавсия этилади.
Фуқаролар йиғинлари раислари ва масъул котиблари ойлик иш ҳақи жорий йил 1 майдан 1,25 бараварга ва 1 октябрдан 1,2 бараварга оширилади.
Фармон билан фуқаролар йиғини қарорини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.
Фармонга кўра Фуқаролар йиғинлари томонидан фойдаланиб келинаётган давлат мулки бўлган бинолар фуқаролар йиғинларига мулк ҳуқуқи билан берилиши, “Mahalla” телерадиоканалини фуқаролар йиғинлари фаолиятини ёритиш масалалари бўйича Республика кенгашининг бош ахборот ҳамкори этиб белгиланганлиги, 2020 йил 1 январгача “Электрон ҳукумат” тизими доирасида “маҳалла” электрон маълумотлар базаси ишга туширилиши аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг роли ва мавқеи янада оширилди.
Бухоро туман ДНИ нотариуси Ж.Хусаинов