Янгиликлар
Сайлов қонунчилигида қандай ўзгаришлар ва сайлов тизими ҳақида
Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар билан ҳамоханг ҳолда давлат ва жамият қурилиши тизимини янада такомиллаштириш борасида ҳам кенг кўламли сиёсий ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, миллий сайлов қонунчилигимиз умумэътироф этилган халқаро принцип ва нормаларга тўла мос ҳолда ҳуқуқий жиҳатдан янада ривожлантирилди, либераллаштирилди ва сайлов амалиётини модернизациялаш йўлида янги босқич бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ташабусси билан мамлакатимиз тарихида биринчи марта бир нечта қонунларнинг ўрнига тизимлаштирилган, конкрет ва яхлит қонун ҳужжати – 18 та боб ҳамда 103 та моддадан иборат “Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси” тайёрланди ва жорий йилнинг 25 июнида “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонун Президент томонидан имзоланди.
Илгари сайловларни ўтказиш тартиби алоҳида-алоҳида норматив ҳуқуқий-ҳужжатлар билан тартибга солинган эди.
Ушбу кодекси билан Президент, Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш тартибини белгилаб берилди.
Қонун билан сайловларда ҳар бир фуқаро бир овозга эга эканлиги, эркин ва яширин овоз берилиши, сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини назорат қилишга йўл қўйилмаслиги, сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш очиқ ва ошкора амалга оширилиши мустаҳкам қўйилди.
Сайлов кодекси билан сайлов округлари ва участкаларини тузиш, сайлов комиссиялари фаолиятини ташкил этиш тартиби белгиланди.
Унга мувофиқ, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун 150 та ҳудудий сайлов округи тузилади.
Илгари 135 та округ тузилган ва 15 нафар депутат Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган. Эндиликда Ўзбекистон экологик партияси ташкил этилганлиги боис, мазкур партия депутатликка ўз номзодларини умумий сайловларга қўйган ҳолда Қонунчилик палатасидан ўрин эгаллаши мумкин.
Эндиликда сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилади.
Унга кўра сайловчилар Марказий сайлов комиссиясининг расмий
веб-сайтида сайловчиларнинг рўйхати тўғрисидаги ўзи учун керакли маълумотларни олиш имкониятига эга бўлади.
Сайловчиларнинг рўйхатлари сайловга 15 кун қолганида, чет давлатлардаги ваколатхоналарда, санаторийлар ва дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ерларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларида эса сайловга 7 кун қолганида ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим қилинади.
Кодекс билан кузатувчиларнинг, сиёсий партиялар ваколатли вакилларининг, оммавий ахборот воситалари вакилларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланди.
Жумладан, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари сайлов жараёнини ёритиш, овоз бериш биноларида, шу жумладан овозларни санаб чиқиш чоғида ҳозир бўлиш ҳуқуқига эга.
Президент сайлови, Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланганлиги уларнинг ваколатлари тугашидан камида 3 ой олдин эълон қилинади.
сайловлар соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилади. Илгари соат 6 дан соат 20 гача ўтказилган.
Сайловчи овоз бериш биносига келгач участка сайлов комиссиясининг аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади ҳамда сайловчилар рўйхатига имзо қўяди. Шундан кейин унга сайлов бюллетени берилади.
Сайлов бюллетени яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасида тўлдирилади. Сайлов бюллетенини тўлдириш вақтида овоз берувчидан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади.
ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ
Президент 5 йил муддатга сайланади ва бир шахс сурункасига
2 муддатдан ортиқ Президент бўлиши мумкин эмас.
35 ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган фуқаро Президент этиб сайланиши мумкин.
Президент сайловида иштирок этиш учун сиёсий партия сайловга камида 75 кун қолганида Марказий сайлов комиссиясига тегишли ҳужжатларни тақдим этади.
Президентликка номзодлар кўрсатиш сайловга 65 кун қолганида бошланади 45 кун қолганида тугайди.
Президент сайлов натижалари эълон қилинган кундан кечи билан
2 ойда Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида қасамёд қилган пайтдан эътиборан ўз лавозимига киришади.
САЙЛОВ НАТИЖАЛАРИНИ ЭЪЛОН ҚИЛИШ
Президент сайлови, Олий Мажлисга сайлов якунларига кўра Марказий сайлов комиссиясининг қарори сайловдан кейин 10 кундан кечиктирмай қабул қилинади ва Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида ва бошқа манбаларда эълон қилинади.
Маҳаллий Кенгашга ўтказилган сайлов якунлари тўғрисидаги қарор тегишли сайлов комиссияси томонидан сайловдан кейин 10 кундан кечиктирмай қабул қилинади ва матбуотда эълон қилинади. Шунингдек, оммавий ахборот воситаларида ҳаммага маълум қилинади.
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими