Янгиликлар
2019 йил 2 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Қонун имзоланди.
Бугунги кунда шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш долзарб масаладир ва бу нафақат интернет технологияларининг шиддат билан ривожланиши ва умуман глобаллашув, балки фуқароларнинг шахсий ҳаётга доир ҳуқуқини ҳимоя қилиш зарурати билан боғлиқ.
Жорий йилнинг 2 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Қонун имзоланди.
Ушбу Қонун билан шахсга доир маълумотлар соҳасидаги муносабатлар тартибга солинади.
Қонунга мувофиқ, шахсга доир маълумотлар жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот ҳисобланади.
Қонун билан Ҳукумат ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгиланди. Шахсга доир маълумотлар давлат бошқаруви органларига бепул берилиши ва шахсга доир маълумотлар базалари давлат реестрида рўйхатдан ўтказилиши лозимлиги қонун билан мустаҳкамлаб қўйилди.
Шу билан бирга, Қонунда шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш механизмлари мустаҳкамланиб, у шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқий, ташкилий ва техник чоралар кўришни назарда тутади. Бу субъектнинг ўз шахсий ҳаётига аралашувдан ҳимоя қилиниш ҳуқуқи амалга оширилишини, шахсга доир маълумотларнинг яхлитлигини ва бут сақланишини, шахсга доир маълумотларнинг махфийлигига риоя этилишини, шахсга доир маълумотларга қонунга хилоф равишда ишлов берилишининг олди олинишини таъминлайди.
Қонун 2019 йил 1 октябрдан кучга киради.