Янгиликлар
Бухорода “Street Law” лойиҳаси доирасида тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январдаги ПФ-5618-сон Фармони билан тасдиқланган Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепциясини 2019 йилда самарали амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг 20-банди ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йилнинг 13 сентябрь куни вилоят адлия бошқармаси ҳамда вилоят ҳарбий прокуратураси томонидан “Street Law” (оддий ҳуқуқ) лойиҳаси доирасида Бухоро вилоят юридик коллежи ўқувчиларидан ташкил қилинган ҳудудий кўнгиллилар гуруҳи, адвокатлар, нотариуслар иштирокида Бухоро вилоятидаги ҳарбий қисмда тарғибот тадбири ташкил этилди.
Ҳарбий қисмнинг 500 дан ортиқ ҳарбий хизматчисини қамраб олган мазкур тадбирда кундалик ҳаётда кўп учрайдиган ҳуқуқий масалалар билан бир қаторда қабул қилинган янги қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини оддий халқчил тарзда тушунтириш, шунингдек, коррупция, ноқонуний миграция ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, одам савдосига қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган давлат сиёсати масалалари бўйича маърузалар қилинди.
Бундан ташқари, тадбир иштирокчиларига Йўл ҳаракати қоидалари, Ўзбекистон Республикасининг “Қурол тўғрисида”ги Қонуни ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг мазмун-моҳияти акс эттирилган 10 турдаги 300 дан ортиқ тарғибот материаллари тарқатилиб, ҳуқуқий маълумотларни тезкор етказишда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланишни тарғиб қилувчи “Telegram” мессенжеридаги “Huquqiy axborot” каналига уланиш тўғрисида тавсиялар берилди.