Янгиликлар
“Сайлов қонунчилигидаги янгиликлар”
Маълумки, 2019 йил 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси, Халқ депутатлари вилоят кенгаши, Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади. Шу муносбат билан юртимизда сайлдов компанияси бошланган бўлиб, бу сиёсий жараён муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур сайловлар Ўзбекистон Республикасининг янги қабул қилинган Сайлов кодекси билан тартибга солиниб, мазкур ҳужжат Президент, қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш тартибини белгилайди. Илгари мазкур сайловларни ўтказиш тартиби алоҳида-алоҳида норматив ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинганлиги сабабли мазкур кодекс муҳим аҳамият касб этади.
Сайловларда ҳар бир фуқаро бир овозга эга бўлиб, эркин ва яширин овоз берилади. Сайловчиларнинг ҳоҳиш иродасини назорат қилишга йўл қўйилмайди. Сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш очиқ ва ошкора амалга оширилади. Сайлов кодекси билан сайлов округлари ва участкаларини тузиш, сайлов комиссиялари фаолиятини ташкил этиш тартиби белгиланди. Унга мувофиқ Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун 150 та худудий сайлов округи тузилади. Илгари 135 та округ тузилган ва 15 нафар депутат Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган бўлса, эндиликда Ўзбекистон эклогик партияси ташкил этилганлиги боис, мазкур партия депутатликка ўз номзодларини умумий сайловларга қўйган ҳолда Қонунчилик палатасидан ўрин эгаллаши мумкин. Бундан ташқари қонунчиликда жорий этилган янги талабга асосан, эндиликда сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилади. Унга кўра, сайловчилар Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида сайловчиларнинг рўйхатида тўғрисидаги ўзи учун керакли маълумотларни олиш имкониятига эга бўлади.
Сайловчилар рўйхати сайловга 15 кун қолганида, чет давлатлардаги ваколатхоналарда, санаторийлар ва дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ерларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларида эса сайловга 3 кун қолганида ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим қилинади.
Кодекс билан кузатувчиларнинг, сиёсий партиялар ваколатли вакилларининг, оммавий ахборот воситалари вакилларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам белгиланди.
Жумладан, оммавий ахборот воситалари вакиллари сайлов жараёнини ёритиш, овоз бериш биноларида, шу жумладан овозларни санаб чиқиш чоғида ҳозир бўлиш ҳуқуқига эга. Президент сайлови, Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланганлиги уларнинг ваколатлари тугашидан камидй 3 ой олдин эълон қилинади. Кодексда участка сайлов комиссиялари жойлашган биноларнинг жиҳозланишига оид талаблар ҳам ўз аксини топди. Хусусан, сайлов комиссиялари жойлашган биноларда сайлов участкасининг харитаси, зарур мебель, офис техника воситалари (телефон, принтер, интернетга уланган ва сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимига кириш имкониятига эга компьютерлар, сейф, канцелярия жихозлари) бўлиши керак. Кодексда белгиланган янги талабларга биноан, сайловлар соат 8:00 дан 20:00 гача ўтказилади. Илгари эса сайловлар соат 6:00 дан 20:00 гача ўтказилган. Сайлов кодексининг амалга киритилиши, жорий йилдаги сиёсий жараён, яъни Олий Мажлис палаталарига бўлиб ўтадиган сайловларда парламентимизнинг шаклланиши ҳамда фуқароларимизнинг ўз вакиллари орқали сиёсий фаоллигини оширишга хизмат қилади.
Бухоро шаҳар адлия бўлими бош маслаҳатчиси
Асаджон Абдуллаев