Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

20

БУ ЙИЛГИ САЙЛОВЛАР ЯНГИ ҚОИДАЛАР АСОСИДА ЎТКАЗИЛАДИ.


Бу йил мамлакат парламенти ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайловлар илк бор Ўзбекистон Республикасининг янги Сайлов кодекси асосида бўлиб ўтади. Сайлов кодексида амалдаги қонунларда ифодаланган нормаларни мужассамлаштириш билан бирга, бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Қонунчилик палатасидаги 150 ўринли депутатлик квотаси сақлаб қолинган ҳолда Экологик ҳаракат вакилларига квота ажратиш институти чиқариб ташланди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига номзод кўрсатиш тартиби бекор қилинди. Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш тартиби қонун билан тартибга солинди. Муддатидан илгари овоз бериш ва сайлов куни овозбериш учун ягона сайлов бюллетенини жорий этиш орқали “сайлов варақаси” тушунчаси чиқариб ташланди. Сайловларни ўтказиш ёки ташкил этишнинг бошқамасалалари юзасидан жисмоний ва юридикшахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби киритилди. Сиёсий партиялар томонидан имзо йиғиш жараёнида сайловчиларнинг бир ёки бир нечта номзодларни ёхуд партияларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйиши мумкинлиги белгиланди. Овоз бериш жараёнида сайловчиларга бир нечта белгилардан бирини қўйиш имкони берилди. Овоз бериш тугаганидан кейин участка сайлов комиссияси томонидан амалга ошириладиган ишлар (овозларни санаб чиқиш, баённома тузиш вабошқалар) аниқ кўрсатилди. Шунингдек, Қонунчилик палатасига, маҳаллий Кенгашларга сайлов бир вақтда ўтказилган тақдирда ягона сайлов участкаларини тузиш назарда тутилган. Илгари Марказий сайлов комиссияси қарори билан тасдиқланган Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлаш тартиби тўғрисидаги низом бекор қилиниб, бу масала қонун даражасида белгиланди.

Бундан ташқари, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларнинг сайловда иштирок этишини чекловчи нормалар бекор қилинди. Муддатидан олдин овоз бериш сайловга 3 кун қолганида тугаши белгиланди. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзодларнинг ишончли вакиллари сонини 3 нафардан 5 нафаргача кўпайтирилди.

Тараққиётининг янги, демократик босқичига қадам қўйган Ўзбекистонда янги парламент ва янги маҳаллий кенгашларни сайлаш учун янгича руҳдаги сайловлар кампанияси бошланаётгани алоҳида таъкидланиб, бўлажак сайловлар мамлакатимизни ривожлантиришга бағишланган Ҳаракатлар стратегиясининг бешта муҳим устувор йўналишининг муҳим қисми ҳисобланиб, демократик ғояларнинг амалдаги яна бир ёрқин ифодаси бўлади.

Яқинлашиб келаётган сайловлар олдидан Шофиркон туманида ҳам қизғин тайёргарликлар бормоқда. Шу кунларда ҳудудларда участка сайлов комиссиялари раисларининг ўринбосарлари ҳамда котиблари учун Сайлов кодекси, Конституция ва бир қатор қонунларга сайлов қонунчилиги борасида   киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида Шофиркон туманида жойлашган “Саноат касб-ҳунар” коллежи биносида жорий йилнинг 4-30 ноябрь кунлари “Сайловларга тайёргарлик кўриш ва ўтказишнинг ташкилий-хуқуқий масалалари” мавзусида семинар-тренинглари ташкил этилмоқда.

Семинар-тренингларни ташкил этишдан мақсад – участка сайлов комиссиялари раҳбарияти ва аъзоларининг сайлов қонунчилиги борасидаги билимларини ошириш, сайловларни юксак савияда ўтказиб олишдан иборат. Шу билан бирга, биз аҳолининг барча қатламига, маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида, таълим масканларида сайлов қонунчилиги тарғиботини олиб боришимиз лозимлигини англатади.

Ҳозирда Шофиркон туманида 30 та сайлов округи, шундан 1 та Республика сайлов округи ҳамда 5 та вилоят сайлов округи ва 60 та сайлов участкалари мавжуд бўлиб, ушбу сайлов участкаларида 107 минг 745 сайловчилар мавжуд бўлиб, уларнинг рўйхати шакллантирилиб электрон базага киритилди.

 

Шофиркон тумани адлия бўлими

бош маслаҳатчиси Ж.Мўминов