Янгиликлар
21
Бир мурожаат изидан
Ҳар бир ташкилот раҳбарлари иш берувчи сифатида ўзлари раҳбарлик қиладиган ташкилотнинг ходимлари билан меҳнатга доир муносабатларни қонунларга мувофиқ олиб боришга масъулдирлар. Ходимларни ишга қабул қилиш, уларни ишдан бўшатиш, рағбатлантириш, интизомий жазо чораларини қўллаш, таьтиллар бериш, иш вақтига амал қилиш, иш ҳақларини ҳисоблаш каби масалаларни қонуний ҳал этиш раҳбарнинг ходимлар ўртасидаги обрў ва эътиборини оширади ҳамда жамоада соғлом ва ишчанлик муҳитини яратади, турли меҳнат низоларининг келиб чиқишини олдини олади.
Бироқ айрим раҳбарларнинг меҳнат қонунчилигини етарлича билмаслиги ва эътиборсизлиги сабабли фуқаролар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга меҳнат ҳуқуқи соҳасида бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан шикоят қилишларига олиб келади.
Хусусан, Пешкў туман “Чиқирчи” МФЙ “Тинчлик” кўчасида яшовчи фуқаро Р.Темирова Пешкў саноат касб-ҳунар коллежида иш ўринлари қисқарганлиги сабабли ишсиз қолганлигини, коллеж томонидан унга компенсация пуллари тўлиқ тўлаб берилмаганлигидан норози бўлиб Пешкў туман адлия бўлимига мурожаат қилган.
Пешку туман адлия бўлими ходимлари томонидан мурожаат батафсил ўрганиб чиқилганда фуқаро Р.Темирова Пешкў саноат касб-ҳунар коллежида ҳақиқатдан иш ўринлари қисқарганлиги сабабли, ишсиз қолганлиги, шу сабабли икки ой давомида компенсация тўлаб келинганлиги, асоссиз равишда учинчи ой компенсация пуллари тўлаб берилмаганлиги аниқланди.
Шунингдек, мазкур мурожаатни ўрганиш давомида худди шу турдаги қонунбузилишлари коллежнинг собиқ ишчилари Б.Сафарова, Ш.Аҳмедова, М.Нарзуллоева, Э.Обидова, Ш.Муқимова, М.Норова, З.Ашурова, Г.Болтаева, М.Давлатовалар ишдан бўшатишда йўл қўйилганлиги аниқланди.
Ўрганиш натижасида Пешку туман адлия бўлими томонидан Пешкў саноат касб-ҳунар коллежига аниқланган Қонун ҳужжатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида Пешкў саноат касб-ҳунар коллежига 2019 йилнинг 15 октябр куни 20-26/3/382-391-сонли тақдимнома киритилди.Киритилган тақдимнома натижасида фуқароларга коллеж томонидан тўланмай қолган компенсация пуллари тўлаб берилиши таъминланди.
МАЖБУРИЙ МЕҲНАТГА ЧЕК ҚЎЙИЛДИ
Ўзбекистон Республикасида инсон ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва унга тўлиқ барҳам беришга доир аниқ ҳамда амалий чора-тадбирлар амалга оширилаётганлигига қарамай, афсуски айрим раҳбарлар ишчиларига нисбатан "ойлик оляптими, ишлайдида!» қабилида иш тутмоқдалиги намоён бўлмоқда.
Хусусан, Бухоро тумани “Янгиобод” МФЙ Юринболо қишлоғида яшовчи фуқаро У.Жўраев Бухоро туман адлия бўлимига мурожаат қилиб, унга ва бошқаларга нисбатан Бухоро насос станциялари ва энергетика бошқармасига қарашли Бухоро тумани ҳудудида жойлашган Жондор III кўтарма насос станцияси раҳбари М.Вохидов томонидан шахсий қўй-қўзиларини навбатчилик вақтида мажбурий боқиш учун топшириб келаётганлигини маълум қилиди.
Бўлим томонидан мазкур мурожаат жойига чиқиб ўрганилганда ҳақиқатдан ҳам Бухоро насос станциялари ва энергетика бошқармасига қарашли Бухоро тумани ҳудудида жойлашган Жондор III кўтарма насос станцияси раҳбари М. Вохидов ўзига тегишли бўлган 29 бош қўй-қўзиларни станция ҳудудида боқиш мақсадида станцияда “Қўй-қўзилар дафтари”ни ташкил қилиб, станция ишчилари Ж.Жўраев ва бошқаларни навбатчилик куни даврида ушбу дафтар орқали қабул қилиб, топшириш орқали қўй-қўзиларни боқишга мажбурлаб келганлиги аниқланди.
Ўрганиш натижасида, Бухоро туман адлия бўлими томонидан Бухоро насос станциялари ва энергетика бошқармасига қарашли Жондор III кўтарма насос станцияси раҳбари М.Вохидовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 51-моддаси 1-қисмига асосан Бухоро туман Аҳоли бандилигига кўмаклашиш марказига маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги таклиф киритилди.
Бухоро туман Аҳоли бандилигига кўмаклашиш марказининг 2019 йил 19 ноябрь кунидаги маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақидаги қарорига асосан Бухоро насос станциялари ва энергетика бошқармасига қарашли Жондор III кўтарма насос станцияси раҳбари М.Вохидов нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 51-моддаси 1-қисми билан энг кам иш ҳақининг 15 баравари миқдорида маъмурий жарима жазоси қўлланилди.