Янгиликлар
Адлия аралашгач
Ҳар бир ота-она фарзанд камолини кўриш учун қўлидан келганини қилади: ўқитади, едиради, ичиради, кийдиради. Мактабга бориши учун формасини олади, дарсликларини харид қилади, бола вояга етгунча мактаб учун сармоя тикади. Ойликка яшайдиган одам бундай фарзанддан бир нечтасини ҳам, бир вақтда оиласини ҳам боқа олади, шунга ҳаракат қилади ҳар ҳолда. Ойлик ўз вақтида берилмасачи? Оилада иқтисодий етишмовчилик оқибатида маънавий муҳит ўзгариб бир қатор салбий ҳолатлар келиб чиқиши аниқ.
Бироқ айрим раҳбарларнинг эътиборсизлиги сабабли ойлик иш ҳақилари ўз вақтида тўланмасдан, ишчиларнинг асосли эътирозларига сабаб бўлиб, уларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишларига сабаб бўлмоқда.
Хусусан, Когон туман, “Наврўз” МФЙ, Жарқўрғон қишлоғи, 22-уйда яшовчи Асророва Санобар вилоят адлия бошқармасига мурожаат қилиб, “Нефтгазқурилиштаъмир” АЖ 4-сон қурилиш монтаж бошқармаси унитар корхонаси томонидан унинг жорий йилнинг май-август ойлари жами 3 291 988 сўмлик иш ҳақи тўловлари иш берувчи томонидан тўлаб берилмаганлигини кўрсатиб, иш ҳақи тўловларини ундириб беришни сўраган.
Бошқарма ходимлари томонидан мурожаат батафсил ўрганиб чиқилганда фуқаро С.Асроровадан ташқари яна 18 нафар ишчининг май-август ойларидаги жами 83 152 570 сўм миқдоридаги иш ҳақилари тўлаб берилмаганлиги аниқланди.
Ўрганиш натижасида бошқарма томонидан вилоят адлия бошқармаси томонидан низони судга қадар ҳал этиш чоралари кўрилишини таъминлаш мақсадида тақдимномалар киритилган бўлсада, “Нефтгазқурилиштаъмир” АЖ 4-сон қурилиш монтаж бошқармаси унитар корхонаси томонидан унда белгиланган қонуний талаблар ижросиз қолдирилган. Шундан сўнг вилоят адлия бошқармаси томонидан фуқароларнинг манфаатида ФИБ Когон туманлараро судига Иш ҳақини ундириш тўғрисида аризалар киритилди.
ФИБ Когон туманлараро судининг 11.11.2019 йилдаги суд буйруқларига асосан қарздор “Нефтгазқурилиштаъмир” АЖ 4-сон қурилиш монтаж бошқармаси унитар корхонасидан фуқаролар манфаатида тўланмаган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар бўйича жами 83 152 570 сўм ундирилиши белгиланди.