Янгиликлар
Бухорода “Сайловга адлия чорлови” акцияси давом этмоқда.
Айни кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида, шу билан бирга, мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналарида 22 декабрда бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, шунингдек Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари сайловларига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.
Сайловнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, сайлов бўйича халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари асосида ўтиши кўп жиҳатдан фуқароларимизнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятига, уларнинг фаоллиги ҳамда фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларни чуқур англашига боғлиқ.
Сайловчиларнинг сайловга оид ҳуқуқий билимларини юксалтиришда аҳоли ўртасида ўтказиладиган тарғибот тадбирларининг ўрни беқиёс.
Хусусан, Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 15 ноябрда бўлиб ўтган мажлисида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг берган кўрсатмасига асосан ҳозирда Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан аҳоли ўртасида “Сайловга адлия чорлови” шиори остида кенг қамровли тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Бухоро вилоят адлия бошқармаси ва унинг тизимидаги туман (шаҳар) адлия бўлимлари, давлат нотариал идоралари ходимлари томонидан хар бир маҳалла, хонадон кесимида уйма-уй юриб аҳолига сайловларнинг моҳияти ва аҳамияти, сайлов қонунчилиги, сайловларда фуқароларнинг иштирок этиш тартиби тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 20-21 ноябрь кунлари Бухоро вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан вилоятдаги барча бозорлар, аҳоли гавжум бўлган жойлар, савдо мажмуалари ва маҳаллаларда ҳамда вилоятнинг чекка ва бориш қийин бўлган ҳудудларида оммавий тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, кенг жамоатчиликка сайловга оид 15 мингдан ортиқ флаер, буклет ва бошқа тарқатма материаллари тайёрланиб тарқатилиши таъминланди.
Шунингдек, туман ва шаҳар адлия бўлими ходимлари томонидан бозорлардаги радио-узеллар орқали тадбиркор ва харидорлар учун “Сайлов-демократия кўзгуси” мавзусида маърузалар қилиниб, уларга сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлар ва овоз бериш тартиби тушунтирилди.
Бир сўз билан айтганда, адлия органлари томонидан ўтказилаётган тарғибот тадбирлари Ўзбекистон Республикасида сайлов ўтказишнинг "Янги Ўзбекистон - янги сайловлар" шиори остида ўтиши учун хизмат қилади.