Янгиликлар
Конституция – бош қомусимиз
Бухоро вилоят адлия бошқармаси ва унинг тизимига кирувчи туман (шаҳар) адлия бўлимлари ходимлари томонидан қутлуғ сана – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 27 йиллиги муносабати билан халқ таълими билан ҳамкорликда вилоятдаги умумий ўрта таълим мактабларида “Конституция – қомусимиз, фахримиз” мавзусида ташкил этилган очиқ дарсларда иштирок этмоқдалар.
Хусусан, жорий йилнинг 6 декабрь куни Бухоро вилоят адлия бошқармаси, Бухоро шаҳар адлия бўлими ҳамда ИИБнинг масъул ходимлари билан биргаликда, Бухоро шаҳридаги 11 ва 23 –сонли умумий ўрта таълим мактабларининг 9,10,11 синф ўқувчилари иштирокида тадбир ўтказилди.
Тадбирда ўқувчиларга Конституциянинг яратилиш тарихи, унинг тарихий ва ҳуқуқий аҳамияти, Конституциянинг ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган беқиёс ва тарихий роли ҳақида тушунтиришлар берилиб, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатимиз аҳолиси сиёсий тафаккурининг ноёб намунаси экани, юртимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёти, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларининг мустаҳкам кафолати экани, ҳар қандай давлатнинг юзи, обрў – эътибори унинг Конституцияси ҳисобланиши қайд этиб ўтилди.
Шунингдек, тадбирда “9-декабрь Халқаро корруцияга қарши курашиш куни” муносабати ҳам маъруза қилиниб, бугунги кунда дунё миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган энг бирламчи масалалардан бири бу таъмагирлик, порахўрлик, яъни коррупция муаммоси эканлиги, ушбу иллат деярли бутун дунёнинг барча давлатларини безовта қилаётган ҳуқуқбузарлик эканлигини, коррупция – катта миқдорда пора олиш эмас, балки кундалик турмуш тарзида ҳам учрайдиган иллат эканлигини, ўз мансабидан фойдаланиб, ўз мақсадига эришиш учун турли совға саломлар, поралар, “чойчақа”лар олиши ҳам шулар жумласидан эканлиги батафсил тушунтириб ўтилди.
Коррупцияга қарши ҳар бир Ўзбекистон фуқароси доимий равишда кураш олиб бориши, ҳамиша ҳалол ва виждона ишлаш, қонунларни ҳурмат қилиш, уларга амал қилиш ва қонун бузилишларининг ҳар қандай кўринишига қарши муросасиз муносабатда бўлиш лозимлиги уқтириб ўтилди.
Мухтасар айтганда, Асосий Қонунимиз мамлакатимизда босқичма-босқич ва изчил амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотларни ортга қайтариб бўлмаслиги, уларни жадал ва барқарор ривожлантириш ҳамда келажакда давлатимизни равнақ топтиришни кафолатлайдиган мустаҳкам бир ҳимоя эканлиги алоҳида билдириб ўтилди.
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими