Янгиликлар
12 йиллик мажбурий таълим кафолатлари
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмасида Президентимиз Ислом Каримовнинг 2013 йил 20 мартда қабул қилинган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси синови бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш ҳақидаги фармойиши ижроси юзасидан “Ёшлар ва қонун” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Вилоят адлия бошқармаси томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари мутасаддилари, ҳуқуқшунослар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Матубот анжуманида қайд этилганидек, бола томонидан аввал умумтаълим мактабида, кейинчалик эса касб-ҳунар коллежи ёки академик лицейда мажбурий равишда таълим олиш давлат таълим сиёсатининг устувор вазифаларидан биридир. Бепул умумий ўрта ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Шуниси эътиборга сазоворки, бундай ижтимоий-иқтисодий кафолат ривожланган давлатлар тажрибасида ҳам кам учрайди.
Юртимизда амалга оширилаётган таълим моделининг принципиал хусусияти аввало шундаки, умумтаълим мактабидаги 9 йиллик ўқишдан сўнг ўқувчилар кейинги 3 йил давомида ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда таҳсил олиб, уларнинг ҳар бири умумтаълим фанлари билан бирга меҳнат бозорида талаб қилинадиган 2-3 та мутахассислик бўйича касб-ҳунарларни ҳам эгаллайди. “Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш – мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти” мавзусида ўтган йили пойтахтимизда ўтказилган халқаро конференция иштирокчилари ҳам мамлакатимизнинг бу борадаги тажрибасига юқори баҳо бердилар.
Сўзга чиққанлар мажбурий 12 йиллик таълим тамойилининг ҳуқуқий асосларини ташкил этиш мақсадида зарур қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий база шакллантирилганлигини аниқ мисоллар орқали тушунтириб бердилар. 2013-2014 ўқув йилларида мамлакат бўйича 9-синфни, яъни 533 минг битирувчини академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўқитиш билан тўлиқ қамраб олинишини таъминлаш муҳим вазифа эканлиги таъкидланди.
Адлия органлари томонидан ўтказилган ўрганишларда айрим ота-оналарнинг фарзанди таълим-тарбиясига етарли эътибор қаратмаслиги, таълим муассасаси раҳбарларнинг ўз ишига нисбатан эътиборсизликлари ёшларнинг узлуксиз таълим олиш сифатига салбий таъсир кўрсатаётганлиги аниқ мисолларда иштирокчилларга тушунтирилди. Айрим ҳолларда 9-синф битирувчиларининг академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўқитиш билан тўлиқ қамраб олиниши тўғрисидаги маълумотларнинг нотўғри шаклланиши, шу билан айрим коллеж ва академик лицейларда ўқувчиларнинг давомати пастлиги ҳамда битирувчиларнинг иш билан тўлиқ таъминланмаганлиги аниқланди. Бу каби камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли таъсир чоралари қўлланилган.
Тадбирда ўқувчиларни анкета сўровидан ўтказиш касбга йўналтириш бўйича тадбирларнинг таркибий қисмларидан бири эканлиги, ушбу чора нафақат у ёки бу таълим йўналишига бўлган талабни аниқлашга, балки ўқувчиларнинг таълим олишни давом эттиришига ва асосий касб эгаси бўлишига қаратилганлиги билан аҳамиятли бўлиши қайд этилди.
Таъкидлаганидек, Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида”ги Қонуннинг 30-моддасига мувофиқ, ота-оналар болаларнинг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишлари учун жавобгардирлар. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47-моддасида ота-оналарнинг болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаганликлари учун жавобгарлик белгиланган.
Анжуманда мажбурий 12 йиллик таълим олиш биринчи навбатда ўқувчиларнинг манфаатларига хизмат қилиши, мажбурий умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим ёшларга нафақат бепул касб-ҳунар билим олиш ва зарур малакага эга бўлиш имконини беради, балки ёшларни ижтимоий муҳофазасини кучайтириш орқали миллий иқтисодиётимизни ривожланишига хизмат қилиши, бу борада оммавий ахборот воситалари билан ҳуқуқий тарғибот тадбирларини янада кучайтириш лозимлиги қайд этилди.