Янгиликлар
АДЛИЯ БЎЛИМИ АРАЛАШГАЧ, ЮРИДИК ХИЗМАТ ХОДИМИНИНГ ҲУҚУҚИ ТИКЛАНДИ!
Жори йилнинг 19 декабрь куни фуқаро Жамилов Шойим Мирзоқулович Вобкент туман адлия бўлимига мурожаат қилиб Вобкент туманидаги “Бухоройўлкўкалам” ҳудудий унитар корхонасида юридик хизмат ходими вазифасида 2018 йилнинг февралидан 2019 йилнинг февраль ойига қадар ишлаб келганлигини, у билан тузилган меҳнат шартномаси ўз аризасига кўра 27.02.2019 йилда бекор қилинганлигини, бироқ ишдан бўшаган пайтда қонунда белгиланган тўловлар, жумладан якуний ҳисоб-китоблар қилинмаганлигини, ушбу тўловларни тўланишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида туман адлия бўлими томонидан фуқаро Ш.Жамилов билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш бўйича расмийлаштирилган “меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида”ги корхонанинг Ш-24-сонли буйруғида кўрсатилган иш даврига фойдаланилмаган меҳнат таътили учун 24 кунлик пуллик компенсация тўлаш белгиланган бўлсада, шу кунга қадар ушбу ва бошқа қонунда белгиланган тўловлар тўланмаганлиги аниқланган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 99-моддасида меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббуси билан бекор қилиш ҳақида гап кетиб, унга кўра “Ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам, икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга ҳақлидир. Огоҳлантириш муддати тугагандан сўнг ходим ишни тўхтатишга ҳақли, иш берувчи эса, ходимга меҳнат дафтарчасини бериши ва у билан ҳисоб-китоб қилиши шарт” деб келтирилган.
Шунингдек, ушбу кодекснинг 110-моддасида меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга тегишли иш ҳақини иш берувчи томонидан тўлаш муддатлари кўрсатилган бўлиб, унга кўра меҳнат шартномаси ходимнинг ташаббуси билан бекор қилинганда унга тегишли иш ҳақи, унинг миқдори хусусида низо бўлмаса:
1) қонун бўйича ёки шартномага мувофиқ меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида иш берувчини огоҳлантириши шарт бўлган ходимга, — огоҳлантиришига кўра у ишни ташлаб кетишга ҳақли бўлган кундан кечиктирмасдан;
2) меҳнат шартномасини бекор қилиши ҳақида иш берувчини огоҳлантириши шарт бўлмаган ходимга, — ишдан кетган кунининг эртасидан кечиктирмасдан тўланиши лозимлиги кўрсатилган.
Шунингдек, тақдим этилган ҳужжатларга кўра 27.02.2019 йилга қадар корхонанинг юридик хизмат ходими вазифасида ишлаб келган Ш.Жамилов билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш бўйича расмийлаштирилган “меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида”ги корхонанинг Ш-24-сонли буйруғига кўра меҳнат шартномаси адлия органлари, жумладан, вилоят адлия бошқармаси билан келишилмаган ҳолда бекор қилиниб, у лавозимидан озод қилинганлиги ҳам аниқланган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги ПҚ-2733-сон “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори 1-иловасига мувофиқ тасдиқланган “Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисида”ги Низомнинг 8-банди ҳамда “Юридик хизмат ходимини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш масалаларини адлия органлари билан келишиш тартиби тўғрисидаги Низом (рўйхат рақами 2864, 2017 йил 28 февраль) талабларига мувофиқ туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари, шунингдек ҳудудий давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмати ходимлари лавозимга вилоят адлия бошқармаси билан келишилган ҳолда тайинланиши ва озод қилиниши белгиланган.
Бундан ташқари, юқоридаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19 январдаги ПҚ-2733-сон қарорининг 3-бандида давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмат ходимларини лавозимига тайинлаш ва лавозимидан озод этиш масалалари мажбурий тартибда адлия органлари билан келишилиши ҳамда адлия органлари юридик хизмат фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик талабларини бузган давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарларига ва юридик хизмат ходимларига нисбатан интизомий иш юритишни қўзғатиш ташаббуси билан чиқиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.
Юқоридагиларни инобатга олиб туман адлия бўлими томонидан “Бухоройўлкўкалам” ҳудудий унитар корхонасига 1-80/37/167-сонли Қонун ҳужжатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисидаги Тақдимнома киритилиб, қонунбузилишларини бартараф этиш чоралари кўрилди.
Вобкент туман адлия бўлими