Янгиликлар
“Family day – Оила куни”
Бухоро вилоят адлия бошқармасида Янги йил байрами арафасида “Family day – Оила куни” лойиҳаси доирасида болажонлар учун тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида бошқарма ходимларининг оила аъзолари, фарзандлари бошқарма марказий аппаратининг биносида экскурсия амалга оширдилар. Болалар ота-оналарининг иш ўринларига ўтириб, уларнинг фаолиятлари нимадан иборат эканлигига яқиндан билиб олишди.
Шунингдек, тадбир давомида болалар учун Бухоро Қўғирчоқ театри жамоаси томонидан “Эртаклар яхшиликка етаклар” номли саҳна кўриниши қўйиб берилди.
Саҳна кўриниши давомида ёш авлоднинг топқирлиги ва билимдонлигини шакллантириш мақсадида викторина ва турли қизиқарли ўйинлар ўтказилди.
Бу эса тадбирнинг янада жозибадорлигини ошириб, кўтаринки руҳда ўтказилишини таъминлади.
Мазкур саҳна кўриниши орқали болажонлар ўзларида китоб ўқиш, эртаклар орқали яхшилик ва ёмонлик, тўғрилик ва ёлғончилик каби тушунчалар орасидаги фарққа беэътибор эмасликларини билдириб, ўзларининг қарашларини намоён этдилар.
Бухоро Қўғирчоқ театри жамоаси томонидан тайёрланган спектаклнинг асосий ғояси ҳам шундан иборат эди.
Тадбир якунида болажонлар Янги йил ва ватан тўғрисидаги шеърлари билан даврани қизитиб, Қорбобо ва қорқиз томонидан тайёрланган Янги йил совғалари билан тақдирландилар.
Хулоса қилиб айтганда, “Family day – Оила куни” лойиҳасини ўтказишдан асосий мақсад, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда адолат, тартиб, қонун тушунчаларига яқинликни пайдо қилиш ҳамда уларга тўғри сўзлик, бир-бирига дўстона муносабат ва ҳуқуқшунослик соҳасига қизиқишларини уйғотишдан иборатдир.
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими