Янгиликлар
Адлия аралашгач фуқаро қонуний турар жойга эга бўлди
Бухоро туман “Хонабод” МФЙ Талипоч қишлоғида яшовчи фуқаро Нуров Сафо Сафарович Бухоро туман адлия бўлимига мурожаат қилиб, ўз мурожаатида ўзбошимчалик билан қурилган турар жойига Вазирлар Маҳкамасининг 21.06.2018 йилдаги 461-сонли қарорига асосан мулк ҳуқуқини эътироф этишни сўраб қилган мурожаати комиссия томонидан асоссиз рад этганлигини билдирган.
Туман адлия бўлими ходимлари томонидан мурожаат батафсил ўрганиб чиқилганда фуқаро 2019 йил 8 апрель куни Бухоро туман Давлат хизматлари маркази орқали Бухоро тумани “Хонабод” МФЙ “Талипоч” қишлоғида жойлашган, ўзбошимчалик билан қурилган турар жойига мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақида туман ҳокимлиги ҳузуридаги Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман комиссиясига мурожаат қилганлиги, мурожаат электрон тизим орқали Бухоро вилоят “Елмулккадастр” ДК туман филиали, комиссия ишчи органига юборилган бўлиб, ишчи орган техник планни шакллантирган ҳолда хулоса тақдим қилиш учун комиссия аъзоларига, шу жумладан Бухоро туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимига электрон тизим орқали юборганлиги, ўз навбатида, Бухоро туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими томонидан фуқаро С.Нуровнинг турар жойи жойида бориб ўрганилмасдан санасиз ва рақамсиз жадвал кўринишида уй-жой ҳақида “маълумот мавжуд эмас”лиги билдирилганлиги, ўз навбатида фуқаро Нуров Сафо Сафарович томонидан ер участкасига 2006 йилдан буён эгалик қилиб келаётганлиги, уй-жой 2007 йилда қурилиб оила аъзолари билан яшаб келаётганлиги, уй-жойнинг умумий майдони 700 кв,мни, шундан қурилиш ости 270,0 кв.м, умумий фойдали майдон 151,0 кв.м ҳамда яшаш майдони 141,9 кв.м ни ташкил қилиши, Бухоро туман ҳокимлиги ҳузуридаги Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман комиссияси томонидан туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимининг мазкур жадвали инобатга олиниб, комиссия томонидан мулк ҳуқуқини эътироф этиш рад этилганлиги аниқланган.
Ўрганиш натижасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги 461-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида” ги Низомга асосан фуқаронинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида Бухоро туман адлия бўлими томонидан 08.10.2019 йилда Бухоро туман маъмурий судига 20-20/3/202-сонли Мансабдор шахсларининг фуқаронинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)ни ғайриқонуний деб топиш ва мурожаатни кўриб чиқиш мажбуриятини юклаш тўғрисида шикоят киритилди.
Бухоро туман маъмурий судининг 29.11.2019 йилдаги Ҳал қилув қарорига асосан Бухоро туман адлия бўлимининг фуқаро С.Нуров манфаатида Бухоро туман ҳокимлиги Бухоро туман ҳокимлиги ҳузуридаги Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман комиссияси ва Бухоро туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари устидан шикоят тўғрисидаги аризаси қаноатлантирилган ва комиссия зиммасига мурожаат муаллифининг уй-жой биносини тегишли тартибда кўриб чиқиб, қонуний қарор қабул қилиш мажбурияти юклатилган.
Бухоро туман адлия бўлими