Янгиликлар
Адлия аралашгач ойлик иш ҳақига устама тўланиши таъминланди
Ходимларга ойлик устама белгилаш тўлашдан асосий мақсад – иш жараёнининг самарадорлиги ва сифатини оширишни рағбатлантириш, хусусан ходимларнинг касб маҳорати ва малакасини оширишини рағбатлантиришни кучайтиришдир.
Бироқ жамиятимизда айрим мансабдор шахсларнинг ҳуқуқий саводхонлиги етарли эмаслиги сабабли, ташкилот ходимларининг асосли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Жумладан, Когон шаҳар, Истиқбол кўчаси, 30-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Ш.Тўхтаева Бухоро вилоят адлия бошқармасининг "Ишонч телефони"га мурожаат қилиб, Когон шаҳар тиббиёт бирлашмаси томонидан унга олий тоифали ҳамшираларга тўланадиган устама асоссиз равишда тўланмаётганлигини маълум қилган.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида Ш.Тўхтаевага “Ҳамшира” мутахассислиги бўйича “Олий” малака тоифаси учун ойлик маошига тўлов амалга оширилиши белгиланган бўлсада, Когон шаҳар тиббиёт бирлашмаси томонидан фуқаро Ш.Тўхтаевага 20.11.2019 йилга қадар малака тоифаси учун ойлик маошига тўлов амалга оширилмаганлиги аниқланган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 21.12.2015 йилдаги 276-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси давлат муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари тўғрисида”ги Низомнинг 6-бандида ходимларга тариф ставкалари, қўшимча тўлов ва устамалар миқдорларини ўзгартириш: Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига мувофиқ энг кам ойлик иш ҳақи миқдори ўзгарганда — ушбу Фармон кучга кирган ойдан бошлаб; “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими” фахрий унвони берилганда — фахрий унвон берилган кундан бошлаб; малака тоифаси берилганда — ҳузурида аттестация комиссияси ташкил этилган орган (муассаса)нинг буйруғига мувофиқ; стаж учун устама миқдорини кўпайтириш ҳуқуқини берадиган стажнинг узлуксизлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжуд бўлганда — стажнинг узлуксизлиги тўлган кундан бошлаб амалга оширилиши, 7-бандида муассаса раҳбари ходимлар меҳнатига ўз вақтида ва тўғри ҳақ тўланиши учун жавоб бериши, меҳнат ҳақи нотўғри тўлангани аниқланган тақдирда раҳбар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ хатоларни зудлик билан тузатиш ва бутун давр учун кам ҳисобланган (ортиқча ҳисобланган) тўловни тўлаш (ушлаб қолиш) чораларини кўриши шартлиги белгиланган.
Юқоридагиларга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида”ги Низомга асосан бошқарма томонидан Когона шаҳар тиббиёт бирлашмасига қонунбузилиш ҳолатлари, унинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилди.
Таъсир чора натижасида мурожаат муаллифининг қонунбузилиши бартараф этилди ва Когон шаҳар тиббиёт бирлашмаси кадрлар бўлими нозири Р.Нўмонов огоҳлантириб ўтилган.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бош маслаҳатчиси У.Ҳаққиев