Янгиликлар
Ҳуқуқий тажриба самарадорлигини ошириш масаласи муҳокама қилинди
Бухоро ва Самарқанд вилоятларида мамлакатимиз парламенти томонидан ишлаб чиқилган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини синовдан ўтказиш бўйича ҳуқуқий тажриба амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида мазкур ҳуқуқий тажрибани ўтказиш бўйича ишчи комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Тадбир ҳуқуқий тажрибани ўтказиш жараёнининг долзарб масалаларини муҳокама қилиш, уни амалга оширишга доир таклифлар ишлаб чиқиш, бу борада бўлиб ўтаётган тадбирлар самарадорлигини оширишга бағишланди. Унда мазкур ишчи комиссияси, Бухоро ва Самарқанд вилоятларидаги ишчи гуруҳлари аъзолари, Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий ҳокимият органларининг масъул ходимлари, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери, ишчи комиссияси раҳбари Д.Тошмуҳамедова бошқарди.
Мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилаётган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар давлат бошқаруви органлари, оммавий ахборот воситалари ва бошқа жамоат институтларига ижобий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди. Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида лойиҳаси ишлаб чиқилган «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун улар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Қонун жамоатчиликни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти ҳақида хабардор қилиш процедураларини белгилайди, унда аҳоли, жамоат бирлашмаларининг улар томонидан қабул қилинаётган қарорлар, аввало, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинлиги ҳамда қонуний манфаатларига тааллуқли қарорлар тўғрисидаги ахборотдан янада кенг фойдаланишини таъминлаш кўзда тутилган. Ушбу ҳужжатнинг ҳаётга татбиқ этилиши ижро ҳокимияти органларининг мазкур қарорлар сифати учун масъулиятини ошириш, жамиятимизда фикрлар хилма-хиллиги, сўз ва сайлов эркинлигини кенгайтиришга ёрдам бериши даркор.
«Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасини синовдан ўтказиш бўйича ҳуқуқий тажриба давлатимиз раҳбарининг шу йил 20 мартда қабул қилинган фармойишига мувофиқ амалга оширилмоқда. Бу қонун ижодкорлигининг замонавий услубларидан бири бўлиб, қонун лойиҳаси қоидаларига амалий ишлов бериш, қонун ҳужжатларининг ишлаб чиқилаётган ҳуқуқий нормаларини ҳаётга самарали татбиқ этиш бўйича жамият ва давлат қурилиши соҳасидаги реал амалиёт билан боғлиқ, илмий асосланган тавсияларни ишлаб чиқишга қаратилган. Қонун лойиҳасини синовдан ўтказиш бўйича тажриба нафақат таклиф этилаётган қонунчилик нормаларини бажаришга доир амалий ҳуқуқни қўллаш механизмини яратиш, балки жойлардаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мансабдор шахсларининг ижро интизоми ҳамда масъулиятини ошириш имконини беради.
Ўзбекистон ҳуқуқий амалиётида илк бор ўтказилаётган ушбу тажриба ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳасида амалга оширилаётган демократик туб ўзгаришларнинг мантиқий давомидир. Бундан ташқари, унинг сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш соҳасида амалга оширилиши оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, шунингдек, айрим фуқароларнинг давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланиши бўйича янги имкониятлар очиб беради. Масалан, янги талабларга кўра, жисмоний ва юридик шахсларнинг расмий талаби у рўйхатга олинган кундан бошлаб ўн беш кун ичида, оммавий ахборот воситаларининг тажриба субъектлари фаолияти, унинг мансабдор шахслари билан интервью ташкил қилиш ҳақидаги талаби эса етти кундан ошмайдиган муддатда кўриб чиқилиши шарт.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш принципи “электрон ҳукумат” концепциясининг услубий қисмига айланади. Президентимиз Ислом Каримов Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил январда бўлиб ўтган мажлисида ушбу концепцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарурлигини таъкидлаган эди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори А.Абдуллаев, Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Ҳ.Ғойиров, Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари В.Раҳимов ва бошқалар шулар тўғрисида, шунингдек, ҳуқуқий тажриба қандай амалга оширилаётгани, бу борада ўтказилаётган тадбирлар ва эришилаётган ютуқлар ҳақида гапирди.
Ҳуқуқий тажрибани ўтказиш тартибига биноан, Бухоро ва Самарқанд вилоятларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари жорий йилнинг май ойидан ноябрь ойигача қонун лойиҳаси талабларига мувофиқ янги режимда ишламоқда. Ҳуқуқий тажриба бир неча босқичда амалга оширилмоқда. Мисол учун, биринчи босқич давомида уни ўтказиш бўйича ташкилий тайёргарлик ишлари амалга оширилди. Бухоро ва Самарқанд вилоятларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари бу борада салмоқли ишларни бажарди.
Қонун лойиҳаси нормаларини муваффақиятли бажариш учун давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари, ахборот хизматлари ва девонхоналарнинг масъул ходимлари, расмий веб-сайтларни юритиш учун жавобгар шахсларга кўрсатмалар берилди. Бухоро вилоятида жами 860, Самарқанд вилоятида 985 киши шундай йўриқнома олди. Жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтларини қонуннинг синовдан ўтказилаётгани, жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органларидан ахборот олиши учун яратилаётган имкониятлар ҳақида кенг хабардор қилиш мақсадида Бухоро ва Самарқанд вилоятларида фуқаролар иштирокида учрашувлар ўтказилди.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари веб-сайтларида ахборот жойлаштириш, фуқароларга оғзаки ва ёзма ахборот тақдим этиш, оммавий ахборот воситаларида давлат бошқаруви органлари фаолияти ҳақидаги ахборотни ёритиш ва бошқа кўплаб йўналишлар бўйича масалаларни тартибга соладиган меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Ҳуқуқий тажриба субъектлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларга ахборот-кутубхона ҳамда архив фондлари орқали зарур маълумотларни тақдим этишнинг вақтинчалик тартиби тасдиқланди.
Тадбирда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ахборот хизматлари фаолиятини жонлантириш зарурлиги ҳам қайд этилди. Улар фаолият кўрсатаётган ўз веб-сайтларини тизимли асосда такомиллаштириб, мунтазам янгилаб бориш билан бирга, матбуот анжуманлари, брифинглар ва бошқа тадбирлар ўтказмоқда. Ушбу тадбирлар давомида аҳоли ўз ҳудудининг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаёти ҳақида тўлиқ ва холис ахборотга эга бўлаётир.
legalexperiment.uz манзили бўйича лойиҳанинг “Ҳуқуқий тажриба” деб номланган веб-сайти ишга туширилиши натижасида жамоатчиликни ҳуқуқий тажриба ўтказиш тўғрисида мунтазам хабардор қилиб бориш, қонун лойиҳаси нормаларини моддама-модда муҳокама қилиш, тажриба ўтказиш билан шуғулланаётган ҳокимият органлари вакилларига рўйхатдан ўтган фойдаланувчиларнинг саволларини юбориш имконияти пайдо бўлди. Бу борада оммавий ахборот воситалари ҳуқуқий тажриба субъектларининг фаолияти ҳақида автоматик тарзда тарқатиладиган ахборот материалларини олиши мумкин.
Ишчи комиссияси ва ишчи гуруҳлари аъзоларининг сўзларига кўра, бу ҳудудларда фуқароларнинг сиёсий ва ахборот олиш фаоллиги ошгани, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига ёзма ҳамда оғзаки мурожаатлар сони кўпайгани кузатилмоқда. Статистика шуни кўрсатадики, 2013 йилнинг иккинчи чорагида бундай мурожаатлар сони биринчи чоракка нисбатан икки баробар ошган, Самарқанд вилоятида бу кўрсаткич 1514, Бухоро вилоятида эса 1230 ни ташкил қилган.
Мажлисда оммавий ахборот воситаларида бу борада ўтказилаётган тадбирларни кенг ёритиш масаласи алоҳида муҳокама қилинди. Бухоро ва Самарқанд вилоятларида фаолият юритаётган журналистлар, шунингдек, уларнинг республика оммавий ахборот воситаларида ишлаётган ҳамкасбларининг самарали меҳнати натижасида аҳоли ўтказилаётган синовлар тўғрисида тезкор ва долзарб ахборотга эга бўлмоқда. 2013 йилнинг иккинчи чорагида ҳуқуқий тажриба мавзусига оид қарийб олти юздан зиёд ахборот материали чоп этилган ва эфирга узатилган. Ҳуқуқий тажрибани амалга ошириш бошланган апрель-май ойларида асосан ахборот хусусиятига эга материаллар чоп этилган бўлса, июнь ойида эълон қилинган нашрларнинг аксариятини таҳлилий материаллар ташкил этди.
Мажлис қатнашчилари аҳолининг ўтказилаётган ҳуқуқий тажриба самарадорлиги ва ахборотнинг очиқлигини таъминлаш бўйича тажриба субъектлари фаолиятини қандай баҳолаётганини аниқлаш мақсадида ижтимоий тадқиқотлар ўтказишга ҳам эътибор қаратди. Бу борада мавжуд камчиликларни бартараф этиш, ижтимоий сўровларни самарали ўтказиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди, кун тартибидаги бошқа масалалар кўриб чиқилди.
Мажлис иштирокчиларининг фикрича, ҳуқуқий тажрибанинг ўтказилаётгани мамлакатимизда фуқаролик жамиятини қарор топтириш, қонунчиликни такомиллаштириш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш жараёни узлуксиз амалга оширилмоқда, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиши муҳимлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир.
Ҳуқуқий тажриба ўтказиш бўйича ишчи комиссиясининг мажлиси якунига кўра, бу борада ўтказилаётган тадбирлар самарадорлигини ошириш, шунингдек, ҳуқуқий тажриба қандай амалга оширилаётгани ҳақида жамоатчиликни кенг хабардор қилишга тааллуқли тегишли қарорлар қабул қилинди.