Янгиликлар
АҲОЛИНИ УЙ-ЖОЙ БИЛАН ТАЪМИНЛАШНИНГ ЯНГИ ТАРТИБИ ЖОРИЙ ЭТИЛДИ
Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари жадаллик билан амалга оширилмоқда. Бу эса аҳолининг турмуш фаровонлиги янада яхшиланишига хизмат қиляпти. Мамлакатимизда арзон уй-жойлар ва кўп квартирали уйлар қуриш кўламини кенгайтириш, соҳага янги архитектура ва техник ечимларни жорий этиш орқали аҳолининг уй-жой маиший турмуш шароитларини яхшилаш бўйича изчил чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, аҳолининг уй-жой шароитларини янада яхшилаш жисмоний шахсларга ипотека кредити беришнинг замонавий бозор тизимини шакллантириш ва ривожлантиришни, уй-жойлар қурилишига хусусий пудрат ташкилотларини ҳар томонлама жалб қилиш ва бу тизимга тўлиқ ўтишни, тижорат банклари томонидан молиялаштиришни босқичма-босқич оширишни, шунингдек, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашда манзиллилик ва шаффофликни кучайтириш мақсадида Президентимизнинг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5886-сон Фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, эндиликда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби жорий этилди.
Унга мувофиқ:
- Молия вазирлиги пул маблағларини тижорат банкларига 15 йил муддатга бозор шартлари асосида жойлаштиради;
- тижорат банклари аҳолига ўз маблағлари ва Молия вазирлиги ажратадиган маблағлар ҳисобидан ипотека кредитларини тақдим этади;
- Молия вазирлигидан ажратилган маблағлар ҳисобидан ипотека кредитлари бозор ставкаси бўйича тақдим этилади. Бунда, қарз олувчига кредит уй-жойнинг жойлашган жойи ва майдонини мустақил танлаш ҳуқуқи билан чекланган миқдорда берилади;
- айрим шахсларга (кам таъминланган, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож в.б.) ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва (ёки) фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Давлат бюджетидан субсидиялар тўланади.
Юқорида кўрсатилган янги тартиб қишлоқ жойларда – Андижон, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари шаҳарларига ва туман маъмурий марказларига туташ ҳудудларда, шунингдек, Тошкент шаҳрида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар шаҳарларида жорий этилиши кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, қарор билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тижорат банкларига ажратилган маблағлар ҳисобидан ипотека кредитлари бирламчи уй-жой бозорида сотиладиган квартираларни (шу жумладан, янги тартиб доирасидан ташқари қурилган ва бирламчи уй-жой бозорида сотиладиган квартираларни) сотиб олиш учун қуйидаги шартларда берилиши белгиланди:
қишлоқ жойларда — уй-жой ҳисобланган қийматининг 90 фоизидан ошмайдиган миқдорда 15 йил муддатга ва дастлабки бадали сотиб олинадиган квартира қийматининг 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорда;
шаҳарларда — уй-жой ҳисобланган қийматининг 80 фоизидан ошмайдиган миқдорда 15 йил муддатга ва дастлабки бадали сотиб олинадиган квартира қийматининг 20 фоизидан кам бўлмаган миқдорда.
Янги тартиб доирасида субсидиялар:
қишлоқ жойларда — биринчи беш йил давомида ипотека кредити бўйича фоиз тўловлари билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун — 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига;
шаҳарларда — дастлабки бадалнинг бир қисмини тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун уй-жой ҳисобланган қийматининг 10 фоизи миқдорида ва биринчи беш йил давомида кредит бўйича фоизларни қоплаш учун — Тошкент шаҳрида 12 фоизлик пунктдан ошган қисмига, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар шаҳарларида 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига тўланиши бўлгиланиб, 2020 йил 1 мартдан бошлаб субсидиялар олиш учун аризалар Ўзбекистон Республикаси Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилиши кўрсатиб ўтилди.
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи Б.Нишонов