Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

16

МУЛКДОРЛАР МАНФААТИ ҚОНУН ҲИМОЯСИДА


Мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантириш мақсадида мустақилликнинг илк йиллариданоқ сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маънавий-маърифий жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалиётига асосий эътибор қаратилди. Бу жараёнда бозор муносабатларини чуқурлаштириш, хусусан, мулкчилик муносабатларини самарали тартибга солиш ва мулкдорларнинг мулкий ҳуқуқи ҳамда манфаатларини ишончли тарзда ҳимоя қилиш масаласи муҳим ўрин тутади.

Дарҳақиқат, хусусий мулк тадбиркорлик фаолияти учун асос бўлиб хизмат қилади ва шу сабабдан бозор муносабатлари тизимида алоҳида ўрин тутади. Шу боисдан мамлакатимиз Конституциясининг 53-моддасида мазкур жиҳат инобатга олинган ҳолда бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши, давлат барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан баравар муҳофаза этилиши, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги белгилаб қўйилган.

Бироқ юртимизнинг айрим ҳудудларида турли сабабларга кўра бузилган бино ва иншоотларга компенсация тўлаш масаласида мансабдор шахслар ва фуқаролар ўртасида зиддиятларнинг келиб чиқиши ҳуқуқни қўллашда бир қатор мураккаб вазиятларни келтириб чиқарди.

Ана шундай чигалликларни олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 3 августдаги Ф-5491-сон фармойишига мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ҳамда ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 911-сон қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга кўра 2020 йил 1 январдан қуйидаги тартиб жорий қилинди:

- ер участкасини олиб қўйишга зарурат туғилганда биринчи навбатда ҳокимлик ёки инвестор ва мулкдорлар ўртасида ОАВ иштирокида очиқ муҳокама ўтказилади;

- ҳокимлик ёки инвестор томонидан дастлабки ҳисоб-китоблар амалга оширилади, шунингдек, компенсация бериш учун етарли ресурслар мавжудлиги ўрганилади;

- Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Кенгашлари томонидан ер участкаси олиб қўйилишидаги фойда ва харажатлар ўрганиб чиқилади, ресурслар етарли бўлганида ҳамда фойда ва харажатлардан устун келган тақдирда ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарор қабул қилинади. Ҳокимликлар ер участкаси олиб қўйиш тўғрисидаги қарор қабул қилишга ваколатли эмас;

- олиб қўйилиши режалаштирилаётган ер участкасидаги кўчмас мулклар баҳоловчи ташкилот томонидан баҳоланади;

- ҳокимлик ёки инвестор ва мулкдорлар ўртасида компенсация тури, миқдори ва бериш муддати келишилади ва ушбу келишув нотариал тартибда тасдиқланади;

- ҳокимлик ёки инвестор томонидан мулкдорларга компенсация бериш ишлари амалга оширилади.

Келишилган компенсация берилмагунча кўчмас мулклар бузиб ташланишига йўл қўйилмайди.

Мулкдорларга келишилган компенсация берилганидан сўнг:

- мулкдор томонидан кўчмас мулк бўшатиб берилади;

- ҳокимликлар томонидан кўчмас мулкни бузиб ташлаш тўғрисидаги қарор лойиҳаси адлия органларига хулоса олиш учун юборилади;

- адлия органлари компенсация берилганлиги, уй-жойлар амалда тўлиқ бўшатилганлиги ва бошқа ҳолатларни ўрганади ва ўз хулосасини ҳокимликларга тақдим этади;

- адлия органларининг хулосаси ижобий бўлган тақдирдагина кўчмас мулкни бузиб ташлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинади.

Олиб қўйиладиган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бошқа шахсга ўтказишга Келишув имзоланганидан сўнг ташаббускорнинг ёзма розилик хати мавжуд бўлган тақдирда ёки Келишув (Келишувда назарда тутилган тартибда, тарафларнинг розилиги билан ёки суд тартибида) бекор қилинган ҳолларда йўл қўйилади.

Бузиб ташланадиган кўчмас мулк объектини сотиб олган мулкдор мазкур Низомга мувофиқ тузилган Келишувдан келиб чиқувчи аввалги мулкдорнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади.

Ер участкалари олиб қўйилиши, кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш, фуқароларни кўчириш, шунингдек, компенсациялар беришда қонун талаблари ижросини назорат қилиш прокуратура органлари томонидан амалга оширилади.


Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи Б.Нишонов