Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

16

Ҳунармандлар маҳсулоти жаҳон бозорига чиқади


Аждодларимиз узоқ йиллардан буён миллий ҳунармандчилик билан шуғулланиб, рўзғорига қут-барака киритган, меҳнати ва яратган маҳсулоти билан одамларга наф келтирган. Бугунги кунда ҳам бу анъана давом этмоқда. Муҳими, ҳунармандлар ҳар жабҳада давлат ғамхўрлигини ҳис қилиб, маҳсулот яратмоқда.

Хусусан, Президентимизнинг аҳоли даромадларининг ошириш, банд бўлмаган аҳоли, айниқса, ёшлар, аёллар ва кам таъминланган оилаларни ҳунармандчиликка кенг жалб этиш орқали уларнинг иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида 2019 йилнинг 28 ноябрь куни қабул қилган “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4539-сонли қарори фикримизнинг яққол исботидир.

Мазкур қарорга мувофиқ, эндиликда республика ҳудудлари ҳунармандчилик фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича ихтисослаштирилади ва уларга ҳунармандчилик маҳсулотларини чет эл бозорларида намойиш этиш ва сотиш учун кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари бириктирилади ҳамда Республиканинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари жойлашган ва бошқа йирик шаҳарларда “савдо уйлари” ва миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари дўконлари ташкил этилади.

Қарорга кўра, шунингдек:

- “Халқ амалий санъати усталарининг миллий каталоги” жорий этилади;

- “Туризм соҳасида фаолият юритаётган ҳунармандлар реестри” юритилади;

- Халқ амалий санъати усталарининг миллий каталогига киритиладиган номзодларни танлаш бўйича кенгаш тузилади.

2020 йил 1 январдан бошлаб:

- 2023 йил 1 январга қадар Миллий каталог ва Реестрга киритилган ҳунармандлар учун календарь йили давомида ҳунармандчилик маҳсулотларини (ишлар, хизматлар) сотишдан тушган тушуми 100 млн сўмдан 1 млрд сўмгача бўлган миқдори учун якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ягона солиқ тўлов ставкаси 2 фоиз миқдорида тўланади;

- ҳунармандчилик фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича янгидан давлат рўйхатидан ўтишда тўланадиган давлат божи якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун амалда белгиланган давлат божи миқдорининг 50 фоизи миқдорида ўрнатилади;

- Миллий каталогга киритилган ҳунармандларга шогирдлар сони бўйича чекловлар бекор қилинади.

Қарор билан Ҳунармандчилик соҳасини янада ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланиб, унда масъул ташкилотлар томонидан амалга ошириладиган тадбирлар белгилаб берилди.

Қисқача қилиб айтганда, мазкур қарор миллий ўзлигимиз ва асрий анъаналаримизни ўзида уйғунлаштирган ҳунармандчилик маҳсулотларини кўпроқ тайёрлаш, бу маҳсулотларни юртимизнинг ташриф қоғози ва туризм брендига айлантириш ва албатта «Устоз-шогирд» анъанасини изчил давом эттириб, ёшларни ҳунар ўрганишга кенг жалб этишда муҳим турки бўлди десак муболаға бўлмайди.


Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи Б.Нишонов