Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

24

Ўзбекистонда букмекерлик фаолиятига рухсат берилдими?


Мамлакатимизда муқаддам тотализаторлар ва букмекерлар фаолиятига рухсат берилган, бироқ 2007 йилда рискка асосланган ўйинлар қаторида улар ҳам тақиқлаб қўйилган ва фақатгина тиражли, лаҳзалик ва рақамли лотореяларга рухсат берилган эди.

Бироқ замоннинг шиддат билан ўзгариб бориши, Ўзбекистонда футболни аҳоли ўртасида энг оммавий спорт турига айлантириш, юқори иқтидорга эга бўлган ёш футболчиларни танлаш, саралаб олиш ва уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш, мамлакат футболини ривожланган мамлакатлар билан рақобат қила оладиган даражага етказиш, халқаро талаб ва стандартлар асосида футбол бўйича мутахассисларни тайёрлаш, футбол клублари фаолиятини ривожлантириш, терма жамоалар учун ўқув-машқ жараёнини самарали ташкил этиш, мамлакатимизда футбол бўйича йирик халқаро мусобақалар, жумладан, ўсмирлар, ёшлар ва хотин-қизлар жамоалари ўртасида жаҳон ва қитъа биринчиликларини ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 декабрь куни “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5887-сонли Фармони қабул қилинди.

Фармон билан Ўзбекистонда профессионал футболни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланди.

Иқтидорли ёш футболчиларни танлаш ва саралаб олиш (селекция) тизимини такомиллаштириш, етакчи футбол клубларига “футболчилар экспорти”ни амалга ошириш тизимини йўлга қўйиш кабилар шулар жумласидандир.

Фармонга мувофиқ, болалар-ўсмирлар футбол мактаблари негизида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги футбол маҳорат мактаблари ҳамда болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари ташкил этилди.

Шунингдек, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб тегишли таълим муассасаларида спорт шифокори, спорт психологи, спорт фармакологи, спорт ҳуқуқшуноси ва спорт диетологи йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрлаш ташкил қилинади.

2021 йилги футбол мавсумидан бошлаб Суперлига жамоалари ўртасидаги учрашувларда адолат ва шаффофликни таъминлаш мақсадида VAR (Video Assistant Referee, видео ёрдамчи ҳакам) тизими жорий этилади.

Фармонга кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб футболнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистонда букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат берилди.

2020 йил 1 июнга қадар букмекерлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ қонун ҳужжатлари лойиҳалари ишлаб чиқилади.

Уларда букмекерлик фаолиятини лицензиялаш Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан амалга оширилиши, ушбу фаолиятни давлат томонидан назорат қилиш механизмлари жорий этилиши кабилар назарда тутилади.


Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими