Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

29

КЕЛАЖАККА ДАХЛДОР ҲУЖЖАТ


2020 йил январь ойидаги энг муҳим ва аҳамиятли воқеа Президентимизнинг Олий Мажлиси ҳар 2 палаталари олдидаги навбатдаги Мурожаатномаси бўлди. Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига 2019 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини яқин келажакда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Мурожаатномасини халқимиз катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кутиб олди.

Дарҳақиқат, Давлат раҳбарининг парламент вакилларига анъанавий мурожаат йўллаши мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётида ўзига хос воқеликка айланди.

Бу галги Мурожаатнома олдингиларидан фарқли равишда, йил якуни билан эмас, балки жорий йилнинг бошида яъни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, шунингдек халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига бўлиб ўтган такрорий овоз бериш жараёнидан кейин амалга оширилди ва мазкур тадбир Tashkent City ҳудудидаги халқаро Конгресс марказида бўлиб ўтганлиги билан ҳам эсда қоларли бўлди.

Гувоҳи бўлганимиздек бу сафар мурожаатномада нафақат бир йиллик, балки мамлакатни келгуси беш йилда ривожлантиришнинг устувор йўналиш ва вазифалари эълон қилинди ва давлат раҳбари ўз маърузасида кейинги беш йиллик давомида коррупцияга қарши курашиш, камбағалликни камайтириш комплекс дастурини ишлаб чиқиш, прописка тизимини ислоҳ қилиш, сўз эркинлигини таъминлаш ва “тўртинчи ҳокимият” вакилларининг эркин ва холис фаолият юритишлари учун барча шарт-шароитларни яратиш борасида алоҳида тўхталиб, профессионал журналистларни ҳамиша ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини таъкидлаб ўтди.

Мурожаатномани кузатар эканмиз унда келажакка ўз таъсирини кўрсатадиган қуйидаги 10 та энг муҳим сиёсий ташаббусларнинг кўришимиз мумкин.

Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили

Давлат раҳбари томонидан жорий йилнинг “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб номланишидан асосий мақсад Ўзбекистонда илм-фанни янада ривожлантириш ва рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошланган ишларни жадал давом эттириш ва янги, замонавий босқичга кўтаришдир. Йил номида белгиланган соҳаларни устувор даражада ривожлантириш ва ислоҳ этиш бўйича кенг кўламли ишларни амалга ошириш режаланган. Жумладан:

– боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини жорий йилда 60 фоизга етказиш ва бу йилдан бошлаб, мамлакат тарихида илк бора 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизимини жорий қилиш;

– жорий йилда 36 та янги мактаб қурилиб, 211 таси капитал таъмирланади, шунингдек, 55 та хусусий мактаб ташкил этилиб, уларнинг сони 141 тага етказилади;

– педагогик маҳорат ва малака даражасига эга бўлган, ўз ишида аниқ натижаларга эришган ўқитувчиларга юқори маош тўлаш тизимини жорий этилади;

– жорий ўқув йилидан бошлаб, мутлақо янги профессионал таълим тизими йўлга қўйилиб, 340 та касб-ҳунар мактаби, 147 та коллеж ва 143 та техникум ташкил этилади;

– мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2020 йилда камида 25 фоизга ва келгусида 50-60 фоизга етказиш режаланган;

– олий ўқув юртларига талабалар қабул қилиш давлат грантларини 2 баробарга кўпайтириш таклиф қилинди;

– олий таълим стандартларини хорижий тажриба асосида такомиллаштириш мақсадида таълим йўналишлари ва ўқитиладиган фанлар қайта кўриб чиқилади. Мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар сони 2 баробар қисқартирилади;

– жорий йилдан педагогик таълимнинг 6 та йўналиши бўйича ўқиш муддати 3 йил қилиб белгиланади.

– жорий йилда “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан 700 дан зиёд олимлар, профессор-ўқитувчилар чет элга илмий изланиш ва малака ошириш учун юборилади.

Иқтисодиётнинг барча соҳаларини рақамли технологиялар асосида янгилашни назарда тутадиган Рақамли иқтисодиёт миллий концепциясини ишлаб чиқилади ҳамда «Рақамли Ўзбекистон-2030» дастури ҳаётга татбиқ этилади.

Инфляцияни жиловлаш – асосий вазифалардан бири

“Истеъмол бозорида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи барқарорлигини таъминлашнинг ягона йўли – мева-сабзавот, чорвачилик ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кўпайтириш ҳамда “даладан дўконгача” бўлган узлуксиз занжирни яратишдир. Ҳукумат барча даражадаги ҳокимликлар билан ушбу вазифа ижросини тўлиқ таъминлаши керак”, деб Президентимиз бежизга айтиб ўтмадилар.

Зеро, 2020 йилдан бошлаб давлат томонидан тартибга солинаётган 37 турдаги маҳсулот ва хизматлар нархи эркин рақобатга салбий таъсир кўрсатаётгани сабабли, эндиликда асосий эътибор нархларни белгилашга эмас, балки корхоналар ўртасида соғлом рақобатни таъминлаш орқали нархларни пасайтиришга ва сифатни оширишга қаратилади.

Банкларнинг давлат улуши босқичма-босқич инвесторларга сотилади

2020 йилдан бошлаб ҳар бир банкда кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилиб, банкларнинг капитал, ресурс базаси ва даромадларини ошириш алоҳида эътибор қаратилади. Бунда банкларининг халқаро молия бозорларига чиқиб, арзон ва узоқ муддатли ресурслар олиб келиши, Миллий банк ва Ипотека банк бу йил ўз евробондларини чиқариши мақсадга мувофиқ, деб белгиланди. Давлат улушига эга бўлган банклар босқичма-босқич стратегик инвесторларга сотилади.

Бизнес муҳитини янада яхшилаш ҳақида

Яқинда қабул қилинган янги Солиқ кодексига мувофиқ, бу йилдан бошлаб кўплаб янгиликлар амалиётга жорий этилмоқда. Жумладан, солиқ турлари 13 тадан 9 тага камайтирилди. Солиқларни тўлаш муддатини узайтириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат бериш бўйича енгиллаштирилган механизмлар киритилди.

Биринчи марта тадбиркорларга ички бозорда сотган маҳсулоти бўйича қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш тартиби жорий этилди. Ҳозиргача бу тартиб фақат маҳсулот экспорт қилинганда қўлланилар эди. Энди тадбиркор томонидан тўланган ортиқча солиқ ўз муддатида қайтарилмаса, унга Марказий банкнинг асосий ставкаси бўйича бюджетдан фоиз тўланади.

Шунингдек, лицензиялаш ва рухсатномалар бериш тартибларини жиддий ўзгартириш режалаштирилмоқда, жумладан мавжуд 280 га яқин лицензия ва рухсатномалар сонини камида 2 баробар қисқартириш кўзда тутилмоқда.

Бу йил ҳар бир ҳудудда тадбиркорларга ер участкаларига оид маълумотларни очиқ ва ҳаққоний етказиш бўйича янги тизим жорий этилади. Унга кўра, тадбиркорнинг фаолият юритиши учун зарур бўлган бўш ер майдонлари, бино ва иншоотлар, уларнинг қиймати ва шартлари ҳақидаги тўлиқ харитани исталган вақт ва ҳудудда онлайн тартибида олиш имконияти яратилади.

Бундан ташқари, мурожаатномага асосан эндиликда сохта тадбиркорлик, рақобатчининг обрўсини тушириш каби қилмишлар учун жиноий жавобгарлик чоралари бекор қилиниши кўзда тутилмоқда.

Пахта ва ғалла етиштиришда давлат буюртмаси бекор қилинади

Мурожаатномада Президентимиз “Пахта ва ғалла етиштиришга давлат буюртмасини бекор қилиб, ушбу маҳсулотларни бозор тамойиллари асосида харид қилиш тизимига босқичма-босқич ўтамиз. Агар бу йўлдан бормасак, фермер ва деҳқонларимиз маҳсулот етиштиришда эркин бўлмайди, улар ўзлари кутганларидек манфаат кўрмайди, ҳокимларнинг эса иш услуби ўзгармайди… Келгусида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги соҳа корхоналарига кўрсатма бериш, ресурсларни тақсимлаш, режа белгилаш каби эски иш усулларидан мутлақо воз кечиши зарур. Бунинг ўрнига вазирлик сервис ташкилотига айланиши, хусусий агросаноат ташкилотларига ер ҳолатини аниқлаш, экин турлари ва уруғни тўғри танлаш, зараркунандаларга қарши курашиш, молиявий кўмаклашиш, маҳсулот бозорини топиш бўйича хизмат кўрсатиши керак”, деб таъкидлаб бу йил мева-сабзавотчилик, узумчилик, уруғчилик, чорвачилик, агро-логистикани ривожлантириш, сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, илмий-тадқиқот ишлари, соҳа учун малакали кадрларни тайёрлашга алоғида урғу бериб ўтди. Эндиликда чорвачилик, қоракўлчилик, балиқчилик, паррандачилик каби соҳаларда наслчиликка алоҳида эътибор қаратилиб, уни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари татбиқ этилади.

Ички миграцияни эркинлаштириш ва прописка тизимини ислоҳ қилиш ҳақида

Урбанизация жараёнларини жадаллаштириш ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш ишлари доирасида 7 та йирик шаҳар – Андижон, Бухоро, Самарқанд, Қарши, Фарғона, Наманган, Нукусга туташ бўлган 12 та йўлдош шаҳарча танлаб олиниб, уларни ривожлантириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ана шу вазифа билан боғлиқ яна бир масала шуки, асосий ишчи кучи яшайдиган ва иш ўринлари яратилаётган ҳудудлар ўртасида тафовут мавжуд. Бунинг ечими – ички миграцияни эркинлаштиришдан иборат.

Зеро, «Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида»ги Қонун 1992 йилда қабул қилинган бўлиб, унда миграция ва фуқароликни расмийлаштириш жараёнлари билан боғлиқ муносабатлар тўлиқ қамраб олинмаган ҳамда кўп нормалар эскириб қолган ва ҳозирги давр талабларига мувофиқ келмайди.

Шу боис, парламент ва ҳукумат 2020 йил 1 апрелга қадар прописка тизимини ислоҳ қилиш бўйича халқаро тажрибани ўрганиб, аниқ таклифларни ишлаб чиқиши лозимлиги таъкидланди.

Кам таъминланган аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида шаҳарларда 16 минг оилага уй-жой олиш учун бошланғич бадал ва кредит фоизини қоплашга бюджетдан 1 триллион сўм субсидия ажратилади.

Камбағалликни камайтириш дастури ишлаб чиқилади

Президентимиз ўз маърузасида “Ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда аҳолининг аксарият қисми етарли даромад манбаига эга эмаслиги сир эмас. Ҳар қандай мамлакатда бўлгани каби бизда ҳам кам таъминланган аҳоли қатламлари мавжуд. Турли ҳисоб-китобларга кўра, улар тахминан 12-15 фоизни ташкил этади. Бу ўринда гап кичкина рақамлар эмас, балки аҳолимизнинг 4-5 миллионлик вакиллари ҳақида бормоқда. Камбағалликни камайтириш – бу аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, демакдир”, деб бежизга айтмади, мамлакат раҳбари Жаҳон банки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури ва бошқа халқаро ташкилотлар билан бирга Камбағалликни камайтириш дастурини ишлаб чиқишни таклиф қилди. Бу борада халқаро меъёрлар асосида чуқур ўрганишлар ўтказиб, камбағаллик тушунчаси, уни аниқлаш мезонлари ва баҳолаш усулларини қамраб олган янги методологияни яратиш лозимлиги таъкидлади.

Шунга кўра эндиликда аҳоли ва ёшларни касбга қайта тайёрлаш орқали уларни муносиб иш жойи билан таъминлаш мақсадидлари учун $700 млн. жалб қилиниши ва йил давомида бюджет тизими ходимларининг иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдори инфляция даражасидан юқори миқдорда оширилиши белгилаб олинди.

Коррупция қарши курашишга масъул алоҳида орган ташкил қилинади.

Мурожаатномада Президентимиз “Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак”, деб айтиб ўтди.

“Ҳалоллик вакцинаси” нима у? Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Руслан Давлетовнинг таъбири билан айтганда “Ҳалоллик вакцинаси” бу рақамли иқтисодиёт, шаффофлик, суд тизимининг мустақиллиги, қонун устуворлигини амалда таъминланиши бўйича айтилган мулоҳазаларнинг барчасидир.

Давлат раҳбари ана шу вазифалар ижросини тизимли ташкил этиш мақсадида парламент ва Президентга ҳисоб берадиган, коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган ташкил этишни таклиф қилди.

Жорий йилда 50 мингга яқин юртдошларимизга фуқаролик берилади

Давлатимиз раҳбари ўз маърузаларида мамлакатимизда узоқ вақтдан бери яшаб келаётган, лекин Ўзбекистон фуқароси деган ҳуқуқий мақомга эга бўла олмаётган минглаб юртдошларимизнинг муаммоларини қонуний ҳал этиш бўйича ҳам тўхталиб, 1995 йилгача Ўзбекистонга келиб, шундан буён шу юртимизда яшаб истиқомат қилиб келаётган шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги автоматик тарзда берилиши даркорлигини таъкидлаб ўтди.

Шунинг учун ҳам Президентимиз Вазирлар Маҳкамасига бу масалани Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликда кўриб чиқиб, жорий йил 1 майга қадар тегишли қонун лойиҳаларини киритиш бўйича топшириқ бериб ўтди.

Сўз эркинлигини ҳақида 

Бу нимадан далолат беради? Бу шуни англатадики, мамлакатимизда сўз ва ахборот эркинлиги конституцион ҳуқуқини таъминлаш, ОАВ ролини кучайтириш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг очиқлигини таъминлашда ҳамкорлик қилиш, давлат хизматчиларига матбуот билан ўзаро ҳамкорлик қилиш каби устувор вазифаларнинг қўйилганлигини англатади. Бундай ўзгаришлар барча фуқароларимиз билан бир қаторда журналистларни ҳам қувонтирди. Эндиликда фуқароларимизда матбуот орқали ҳамкорлик қилиш орқали амалдорлар билан тўқнаш келган кўплаб муаммоларни ечимини топишга умид уйғонди.

Дарҳақиқат охирги 3 йил мобайнида юртимизда сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш, журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритиши ва ижод қилишлари учун ҳуқуқий асослар ва кенг имкониятлар яратилди, бунинг давоми ўлароқ “тўртинчи ҳокимият” вакилларининг эркин ва холис фаолият юритишлари, мамлакатимизда амалга оширилаётган жадал ислоҳотларни халқимиз ва халқаро ҳамжамият учун очиқ-ойдин ёритишлари учун яна бир қатор ишлар амалга оширилиши белгиланди.


Ҳуқуқий тарҳибот ва маърифат бўлими бошлиғи Б.Нишонов