Янгиликлар
Фуқароларнинг мурожаатлари ижобий ҳал этилди!
Ўзбекистон Республикаси “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида” қонунининг 18-моддасида меҳнат шароитлари ноқулай ишларда банд бўлган ходимлар белгиланган нормалар бўйича сут (шунга тенг бўлган бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари), даволаш-профилактика озиқ-овқати, газланган тузли сув (иссиқ цехларда ишловчилар учун), махсус кийим-бош, махсус пойабзал ҳамда бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан бепул таъминланиши кўрсатиб ўтилган. Бироқ айрим мансабдор шахслар томонидан қонун нормаларининг мазкур талаблари тўла таъминланмаяпти.
Хусусан, Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан Ромитан туман Газли шаҳар Навоий кўчаси 126-уйда яшовчи фуқаролар С.Камолова ва С.Шоназаровларнинг Газли нефт ва газ чиқариш бошқармаси томонидан сут (шунга тенг бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари) берилмаганлиги ҳамда қўшимча иш ҳақи тўланмаганлигидан норози бўлиб қилган мурожаатлари ўрганилганда ҳақиқатдан ҳам корхона томонидан 2019 йилнинг август-декабрь ойларида зарарли меҳнат шароитида ишловчи ишчи-ходимларга сут (шунга тенг бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари) берилмаганлиги, шунингдек, Газли нефт ва газ чиқариш бошқармаси томонидан 1561 нафар ходимларнинг 6 342 596 848 сўмлик қўшимча рағбатлантириш пуллари тўланмаганлиги маълум бўлган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 153-моддасида Меҳнат ҳақи шакли ва тизимлари, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар, рағбатлантириш тарзидаги тўловлар жамоа шартномаларида, шунингдек иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб қабул қилинадиган бошқа локал ҳужжатларда белгиланиши кўрсатилган.
Шунингдек, Газли нефт ва газ чиқариш бошқармаси ва корхона касаба уюшмаси томонидан 2016 йилда тасдиқланган “Газли нефт ва газ чиқариш бошқармаси ходимларига бир йиллик иш натижаларига кўра ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари тўғрисида” Қоидаларнинг 2.2-бандида ўтган йилдаги иш натижалари бўйича иш ҳақи тўланиши белгиланган.
Шунга кўра Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сонли қарорига асосан адлия ходимлари томонидан Газли нефт ва газ чиқариш бошқармасига қонунбузилиш ҳолатлари, унинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилиши таъминланди.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи Т.Азимов