Янгиликлар
Адлия органлари инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилинишининг таъминланиши демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шарти саналади. Жамиятимизнинг барча жабҳаларида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларда инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, унинг ҳуқуқларини энг олий қадрият сифатида эътироф этиш каби ғоялар мустаҳкамланган.
Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлаш соҳасида адлия органлари бир қатор вазифаларни бажармоқда. Хусусан, Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан фуқаролар мурожаатлари холис ва ҳар томонлама кўриб чиқилиб, уларнинг ҳуқуқлари бузилаётганлиги ҳолатлари аниқланган тақдирда қонунчиликка мувофиқ уларни бартараф этиш ва тиклаш чоралари кўрилмоқда.
Жумладан, адлия ходимлари томонидан Бухоро шаҳар, Самарқанд кўчаси, 35-уйда яшовчи фуқаро Д.Сирожованинг Бухоро вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт бирлашмаси шифокорларининг хатти-ҳаракатидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганилганда бемор Ж.Мирзаеванинг онаси Д.Сирожовага Бухоро вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт бирлашмаси шифокори Н.Рахматова томонидан Республика гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институтига йўлланма берилган бўлсада, йўлланма расмийлаштирилишида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 18.09.2017 йилдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида профилактик чора-тадбирларнинг самарадорлиги учун масъуллигини ошириш чоралари тўғрисида”ги 535-сонли буйруғи талабларига риоя қилинмаганлиги аниқланган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 18.09.2017 йилдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида профилактик чора-тадбирларнинг самарадорлиги учун масъуллигини ошириш чоралари тўғрисида”ги 535-сонли буйруғининг II-бандида умумий амалиёт шифокори беморларга ташхис қуйиш ва даволаш жараёнида зарурият туғилганда, белгиланган тартибда бошқа даволаш-профилактика муассасаларига маслаҳат, текшириш ёки даволашга йўллаши мумкин.
Бундан ташқари, умумий амалиёт шифокори беморни бошқа даволаш–профилактика муассасасига йўллашда ушбу тартибнинг 1-иловаси билан тасдиқланган “Йўлланма-алмашинуви варақаси”ни мазкур тартибнинг 2-иловасига мувофиқ тўлдириб бериш лозимлиги белгиланган.
Натижада юқоридагиларга ҳамда Ўзбекитон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида”ги Низомга мувофиқ адлия ходимлари томонидан Бухоро вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари, унинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш юзасидан белгиланган тартибда тақдимнома киритилиши таъминланди.
Инсон ҳуқуқларини ғимоя қилиш бўлими бошлиғи Т.Азимов