Янгиликлар
Қонун, ҳуқуқ, ишончли ҳимоя!
Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Демократик ҳуқуқ ҳамда эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади.
Маълумки, Ўзбекистон мустақилликка эришгач, адлия органлари фаолиятида янги босқич бошланди. Демократик ҳуқуқий давлатни мустаҳкамлашга қаратилган давлат сиёсатини ҳаётга татбиқ этиш борасида адлия органларининг роли кучайтириб борилмоқда. Адлия органлари зиммасига бевосита инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ вазифаларнинг юклатилганлиги ҳам бунинг бир мисолидир.
Зеро, охирги йилларда айнан адлия органлари ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан фуқароларнинг қонун билан қуриқланадиган ҳуқуқларининг бузилганлиги, яъни уларни ноқонуний ишдан бўшатиш, нафақа ва ойлик маошларини ўз вақтида тўламаслик каби салбий ҳолатларнинг олди олинмоқда. Айни пайтда адлия ходимлари томонидан ҳар бир мурожаат юзасидан жиддий ўрганишлар ўтказилиши натижасида инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг холисона ҳимоя қилинишига эришилмоқда.
Жумладан, Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғирисидаги Низом талаблари асосида Бухоро шаҳар туғруқ комплексида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши ҳолатини сўров йўли билан ўрганилганда:
Комплексда 8 нафар ходимнинг жами 6 116 680 сўм миқдоридаги хизмат сафари харажатлари ўз вақтида тўлаб берилмаганлиги аниқланган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 171-моддасида хизмат сафарида кўчиб юриш билан боғлиқ ишларда йўл харажатлари; доимий турар жойидан бошқа жойда яшаш, шу жумладан уй-жой ижараси билан боғлиқ харажатлар, ходим томонидан иш берувчининг рухсати ёки розилиги билан қилинган бошқа харажатлар тўланиши лозим деб белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2003 йил 29 августда 1268-сон билан рўйхатга олинган “Ўзбекистон Республикаси ичкарисидаги хизмат сафарлари тўғрисида”ги Йўриқноманинг 15-бандида, хизмат сафарига юбориладиган ишчига хизмат сафарига кетишдан олдин хизмат сафарига юборилган жойга бориш ва доимий яшаш, қайтиш билан боғлиқ йўл харажатлари чегарасида пул кўринишида аванс (бўнак) тўланиши кўрсатилган.
Шу муносабат билан адлия ходимлари томонидан аниқланган қонун ҳужжатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан Бухоро шаҳар туғруқ комплексига тегишли тартибда тақдимнома киритилиши таъминланди.
Инсон ҳуқуқларини ғимоя қилиш бўлими бошлиғи Т.Азимов