Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

05

Бухородаги Хўжа Порсо мадрасаси ташландиқ аҳволда эди… Бунга ким айбдор эканлигини адлия бўлими ўрганди


Бухоро шаҳар адлия бўлими томонидан шаҳардаги айрим маданий мерос объектларини муҳофаза қилиниши ва улардан фойдаланиши мониторинг қилинганида, бир қатор қонунбузилишлар аниқланган.

Жумладан,  Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги 846-сонли қарори билан тасдиқланган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари рўйхатига киритилган 19 асрда қурилган Хўжа Порсо мадрасасини муҳофаза қилиниши юзасидан ўтказилган мониторингда Маданий мерос департаменти Бухоро вилоят бошқармасининг жавоб хатига мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 06 мартдаги “Моддий маданий мерос объектларини ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш ва зарур ҳолатда сақлаш бўйича инвестиция мажбуриятларини олган ҳолда ижарага бериш” бўйича 53-сонли қарори асосида 2018 йилдаги 105-сонли уч томонлама шартнома имзоланиб, якка тартибдаги тадбиркор Нодир Адизовга инвестиция мажбурияти билан 5 йил муддатга ижарага берилганлиги қайд этилган.

Шартнома шартларига мувофиқ, ижарага олинган объектда камида 20 та ишчи ўринларини яратиш, ижарага олинган объектда шартнома тузилган санадан бошлаб лойиҳа-смета ҳужжатларини кўпи билан 3 ой муддатда тузиш, кейинчалик таъмирлаш реставрация-тиклаш ишларини 18 ой муддатда тўлиқ тугатиш назарда тутилганлиги, шартномага кўра, тадбиркор умумий қиймати жами 2900,0 миллион сўмлик инвестиция мажбуриятларини бажариши лозимлиги, аммо белгиланган муддатга қадар объектни таъмирлаш ва реставрация ишларини олиб бориш учун зарур лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш ва инвестиция миқдори 58 миллион сўмни ташкил этиши ҳамда лойиҳа-смета ҳужжатларини тасдиқланган муддатдан кейин 18 ой мобайнида 2842,0 миллион сўмлик объектда таъмирлаш ва тиклаш ишларини лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан инспекция техник назоратчиси назорати остида олиб бориш мажбуриятини олган бўлса-да, амалда мадрасанинг деворлари мавжуд бўлмаган орқа томонини темир тунука билан ўрашни ҳисобга олмаганда, умуман таъмирлаш ва реставрация ишлари олиб борилмаганлиги, бинобарин шартнома юзасидан олинган инвестицион мажбуриятлар бажарилмаганлиги, мадраса ҳовлиси ташландиқ аҳволда, қурилиш ва бошқа чиқиндилар билан ачинарли ҳолда эканлиги аниқланган.

Худди шундай, 18 асрда қурилган Тош Сарой мадрасаси, 19 асрда қурилган Чуқур мадрасаси, Намозгоҳ мажмуаси, 19 асрда қурилган Мулла Пайравий масжиди ва 17 асрда қурилган Абдулазизхон мадрасаси каби тарихий обидаларини муҳофаза қилиш билан боғлиқ жиддий қонунбузилишлар ҳам аниқланиб, Маданий мерос Департаменти Бухоро вилоят бошқармасига тегишли тақдимномалар киритилди.

Аммо мазкур мутасадди ташкилотга тақдимномалар киритилишига қарамасдан, бу объектларда амалга оширилган ободонлаштириш ишларига  гарчи баъзи ижтимоий тармоқларда биз амалга оширдик, деб мақтанган бўлишса-да, аслида Бухоро вилоят Маданий мерос бошқармаси ходимлари эмас, балки саховатпеша инсонлар, ўзини кўз-кўз қилишни истамаган камтарин тадбиркорлар томонидан кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилганлигини бухороликлар жуда яхши билади.

Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир бўлган Маданий мерос Департаменти Бухоро вилоят бошқармасидагиларнинг эса бировнинг савобига шерик бўлишга қандай уялмаганига ҳайронмиз.