Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

13

Ердан оқилона фойдаланиш давр талаби!


Муқаддас китобларда айтилиши-ча, Парвардигорнинг: “Бўл!”, дейишлари билан ер курраси ва жамийки борлиқ пайдо бўлган экан. Айтиб ўтиш жоизки ерни аждодларимиз неча-неча асрлар мобайнида муқаддас деб билиб, унинг ҳар бир сиқим тупроғини зўр муҳаббат билан қадрлаб келган. Таъбир жоиз бўлса, Ер- бизнинг онамиз, у бизни едиради ва ҳатто кийинтиради ҳам. Инсоният яралибдики уй-жой қуришни, боғ яратишни, шаҳарлар барпо этишни ўз олдига мақсад қилиб яшайди. Бироқ ҳар бир нарсанинг белгиланган мезони бўлгани каби, ердан фойдаланишнинг ҳам қонун билан тартибга солинган қонун-қоидалари мавжуд. Бироқ сўнгги йилларда олиб борилган таҳлил натижаларига назар соладиган бўлсак айрим фуқароларнинг қонунни билмаслиги, қонунга бефарқлиги оқибатида ўз-биларча экин майдонларини ноқонуний эгаллаб, турли қурилмалар қуриш натижасида, қишлоқ хўжалигидаги суғориладиган ер майдонлари йилдан-йилга қисқариб боришига сабаб бўлмоқдалар.

Бу муаммонинг оқибатлари фақат озиқ-овқат билан боғлиқ эмас, кўлами ўйлаганимиздан ҳам кенг ва хатарли. Гап — минглаб гектар унумдор, сувли ерларнинг ноқонуний сотиб юборилиши ва ўзбошимчалик билан эгаллаб, бино қурилиши ҳақда кетяпти. 

Дарҳақиқат, охирги 3 йил давомида республикамиз қурилиш майдонига айланди десак муболаға бўлмайди ва албатта бундай шиддат билан кетаётган даврда фуқароларимизнинг ерга бўлган эҳтиёжлари йилдан-йилга ортиб бормоқда. Аммо унутмаслик лозимки Ер умуммиллий бойлигимиздир, Ўзбекистон Республикаси халқи ҳаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси сифатида ундан оқилона фойдаланиш зарур ва у давлат томонидан муҳофаза қилинади.

Зеро, мамлакатимизда инсонларнинг табиат бойликларига муносабати, бурч ва масъулиятлари Бош Қомусимизда ўз аксини топган бўлиб, унга кўра Фуқароларимиз атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар, Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий заҳиралар умуммиллий бойлик, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.

Мамлакатимизда ерга оид муносабатларни тартибга солиш борасида Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси мавжуд, бундан ташқари мулкдорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари кафолатларини янада мустаҳкамлаш юзасидан ҳам бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб келинмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сон қарори шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш, аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиш, ҳудудларни комплекс ривожлантиришга қаратилган давлат дастурлари ва инвестиция лойиҳаларининг самарали амалга оширилиши мақсадида фуқаролар ва тадбиркорларга тегишли бўлган бино ва иншоотлар жойлашган ер участкалари олиб қўйилиши давомида йўл қўйилган қонунбузилишларини олдини олиш мақсадида қабул қилиниб, унга кўра жорий йилнинг 1 январидан бошлаб Ер участкасини олиб қўйиш қарори билан тасдиқланган низом асосида ҳамда унда кўрсатиб ўтилган асослар мавжуд бўлгандагина амалга оширилади.

Унга кўра:

·       ер участкасини олиб қўйишга зарурат туғилганда биринчи навбатда ҳокимлик ёки инвестор ва мулкдорлар ўртасида ОАВ иштирокида очиқ муҳокама ўтказилади;

·       ҳокимлик ёки инвестор томонидан дастлабки ҳисоб-китоблар амалга оширилади, шунингдек, компенсация бериш учун етарли ресурслар мавжудлиги ўрганилади;

·       Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Кенгашлари томонидан ер участкаси олиб қўйилишидаги фойда ва харажатлар ўрганиб чиқилади, ресурслар етарли бўлганида ҳамда фойда ва харажатлардан устун келган тақдирда ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарор қабул қилинади. Ҳокимликлар ер участкаси олиб қўйиш тўғрисидаги қарор қабул қилишга ваколатли эмас;

·       ҳокимлик ёки инвестор ва мулкдорлар ўртасида компенсация тури, миқдори ва бериш муддати келишилади ва ушбу келишув нотариал тартибда тасдиқланади.

Келишилган компенсация тўлаб берилмагунча кўчмас мулклар бузиб ташланишига йўл қўйилмайди. Бундан ташқари олиб қўйилган ер участкасида жойлашган бинони бузиш ҳам адлия органларининг ижобий хулосасидан кейингина амалга оширилиши белгиланди.

Таъкидлаб ўтиш лозимки, давлат органининг ноқонуний қарори натижасида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланади. Бундай зарарнинг ўрни давлат органининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланиши, агар у ерда маблағлар бўлмаса зарар давлат бюджетидан қоплаб берилади.

Лекин айрим ҳудудларда фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан ёки ноқонуний ҳужжат асосида ажратилган ерларда қурилган уй-жойлар бўйича белгиланган тартибда бузилиши юзасидан компенсация сўраш ҳолатлари кузатилмоқда. 

Ўзбошимчалик билан қурилган ноқонуний уй-жойларнинг ўзи нима?

Ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойлар эса ўз номи билан ноқонуний ерларда, рухсатномасиз, қурилиш нормаларини бузган ҳолда қурилган бинолар Амалдаги Фуқаролик кодексига кўра, ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди, уни сотишга, ҳадя этишга, ижарага беришга, иморатга нисбатан бошқа битимлар тузишга ҳақли эмас.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 90-моддасида Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, бунда ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олганликда, қишлоқ хўжалиги ерларини ва бошқа ерларни яроқсиз ҳолга келтирганликда ҳамда ерлардан хўжасизларча фойдаланганликда, ерларнинг ҳолатини яхшилаш ҳамда тупроқни сув ва шамол эрозиясидан ва тупроқ ҳолатининг ёмонлашувига олиб келадиган бошқа жараёнлардан сақлаш мажбуриятларини бажармаганликда айбдор шахслар қонунга биноан жавобгар бўладилар. 

Хусусан, МЖтКнинг 65-моддасига асосан Ерлардан хўжасизларча фойдаланиш ёки уларни яроқсиз ҳолга туширганлик учун етказилган зарарга қараб жарима жазоси қўлланилади.

Агар Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, агар худди шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса унда ЖКнинг 2291-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Белгиланган жавобгарлик чораларидан ташқари Ер кодексининг 91-моддасига асосан Ер участкаларини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш, шу жумладан ундаги иморатларни бузиш ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар ҳисобидан амалга оширилади. Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини ер эгасига, ердан фойдаланувчига, ер участкаси ижарачисига ёки мулкдорига қайтариш тегишли туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига биноан ёки суднинг ҳал қилув қарорига кўра амалга оширилади ва бундай иморатлар 15 кун ичида иморатни қурган шахс томонидан ёки суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс ҳисобидан бузиб ташланиши лозим. 

Айтиб ўтиш жоизки, Ҳукуматнинг 2019 йил 16 ноябридаги 911-сон қарорида ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойнинг ҳам қопланиши лозимлиги қайд этилган. Шуни унутмаслигимиз керакки, бунда компенсация фуқароларга қонуний тартибда тегишли бўлган ер участкаларидаги мулклар “снос”га тушганида, унда жойлашган ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойлар учун тўланади холос. Бошқа ҳар қандай ҳолатда ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойлар учун компенсация тўланмайди.

Ҳаммамизга маълумки, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2019 йил 1 майга қадар ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан “амнистия” эълон қилинган эди, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 21.06.2018 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида» 2018 йил 20 апрелдаги ПФ-5421-сон Фармони ижросини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида” 461-сон қарорига асосан ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акция давомида вилоятдаги Давлат хизматлари марказларига келиб тушган аризаларнинг 67 784 таси ижобий деб топилиб, уй-жойларга нисбатан мулк ҳуқуқи берилди. Бу жуда ҳам катта кўрсаткич. Давлат томонидан фуқароларга берилган имконият эди, лекин мазкур имкониятни суистеъмол қилиб яна ноқонуний ерларда уй-жойларни қуриб олиш эса айрим фуқаролар томонидан ўрнатилган тартибларни очиқдан очиқ менсимаслигини англатади.

Хулоса қилиб айтганда, қонунга беписандлик шу тарзда давом этаверса, бу охир-оқибат барчамиз хусусан келажак авлод учун жиддий муаммоларни келтириб чиқариши аниқ. Қонун доирасида ердан оқилона фойдаланиш ҳар биримизнинг асосий бурчимиздир. Хулоса қилиш ҳар кимнинг ўзидан.


Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи Б.Нишонов