Янгиликлар
Фаолиятнинг такомиллашуви
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 20 мартдаги Фармойишига мувофиқ Бухоро ва Самарқанд вилоятларида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси нормаларининг синови бўйича ҳуқуқий эксперимент доирасида, Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан давлат ҳамда нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигида “Фуқаролар ўзини–ўзи бошқариш органлари фаолиятининг такомиллашуви” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.
Маълумки, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш - қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари мустақиллик йилларида шаклланди ва тараққий этди. Эндиликда жамият ривожида уларнинг муносиб ўрни ва улуши бор. Маҳалла фуқаролар йиғинлари ўзини-ўзи бошқариш тизимининг таянчи, фуқаролик жамиятининг энг самарали ва халқчил, фуқароларни миллий ғоя, эзгу мақсад атрофида жипслаштиришга қодир бўлган тузилмага айланиб бораётир. Сўнги йилларда маҳалла институтининг роли ва нуфузини ошириш, ҳуқуқ ҳамда ваколатларини кенгайтириш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 10 июлдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини ташкил этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти ва уни амалда қўллаш ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини маҳаллий давлат ҳокимияти идораларида ҳисобга олиш ва расмийлаштириш тартиби ҳақида журналистларга атрофлича маълумот берилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонунининг 8-моддасига мувофиқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари юридик шахс ҳуқуқларидан фойдаланиши, белгиланган намунадаги муҳрга эга бўлиши ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ҳисобга олиниши кераклиги, шу муносабат билан юқоридаги Қонунга мувофиқ ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мақсадида, қабул қилинган Ҳукумат қарорида эндиликда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ҳисобга олиш тўғрисидаги Низом тасдиқланди.
Анжуманда қайд этилганидек, ушбу Низомда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ҳисобга олиш, ҳисобга олиш фуқаролар йиғини жойлашган ҳуддаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, яъни туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекциялари томонидан амалга оширилиши белгиланди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ҳисобга олиш ва тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби ҳам аниқ белгилаб берилди.
Тадбир давомида вилоят Статистика бошқармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳамда тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатдан ўтказиш инспекциялари ходимлари янги тартиб ҳақида ўз фикрларини билдирдилар.
Анжуман давомида инспекциялар томонидан ҳисобга олиш, тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида соҳага оид қонун ҳужжатлари талабларига қатъий амал қилиш, ҳуқуқни қўллашда ягона амалиётни жорий этиш, фуқаролар йиғини ҳисобга олинган кундан бошлаб маълумотларни тегишли давлат статистика, солиқ хизмати органларига доимий тақдим этиб бориш амалиётини йўлга қўйиш, белгиланган шакл ва тартибда фуқаролар йиғинларининг тегишли реестрини юритиш ҳамда уларга зарур маълумотларни киритиб бориш юзасидан журналистларни қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб қайтарилди.