Янгиликлар
Бир мурожаат изидан
Мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни, имконияти чекланган шахсларни қўллаб-қувватлашга кенг эътибор қаратилган. Аммо бу борада тўлиқ маълумотга эга бўлмаган фуқароларимиз ҳам талайгина. Бироқ давлат хизматчиларининг ўз фаолиятида амал қилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лозим даражада билмаслиги, уларнинг фаолияти устидан назоратнинг сустлиги турли суистеъмолликларни келтириб чиқариши билан бирга фуқароларнинг ҳам йиллиб овора бўлишига олиб келади.
Жумладан, Пешкў туман Пешкў маҳалла фуқаролар йиғини Хўжа пешкў қишлоғида яшовчи фуқаро Бақоев Фатҳидин Тожиевич Пешку туман адлия бўлимига мурожаат қилиб, 1991 йил 29 майда Пешкў туман Пахта тозалаш заводида ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида супурувчи томонидан пахта толасини ажратувчи апаратни ёқиш оқибатида содир бўлган бахтсиз ҳодиса сабабли чап қўли тирсагининг юқори қисми шикастланиши оқибатида елкадан паст қисми кесиб ташланганлигини, Ромитан туман тиббий-меҳнат эксперт комиссияси томонидан гуруҳ ногиронлик белгиланишида хатога йўл қўйилганлигидан норози бўлган.
Шундан сўнг адлия ходимлари томонидан мурожаат батафсил ўрганилганда мурожаатчига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 1 июлдаги “Тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга, ногиронликни ва касбий меҳнатга лаёқат йўқотилиши даражасини аниқлашга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 195-сон қарорига биноан, Ф.Бақоевга ушбу қарор қабул қилингандан сўнг 2-гуруҳ муддатсиз ногиронлик белгиланиши лозим бўлсада, тиббиёт муассасаларининг ва 23-сон Ромитан туманлараро тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг эътиборсизлиги оқибатида ўрганиш кунига қадар фуқаро Ф.Бақоевга 2-гуруҳ ногиронлиги белгиланмасдан келинганлиги ва Бухоро вилоят 23-сон Ромитан туманлараро тиббий-меҳнат эксперт комиссияси томонидан фақатгина 2019 йил март ойидан бошлаб фуқаро Ф.Бақоевга ТМЭК томонидан 2-гуруҳ ногиронлиги белгиланлиги аниқланган.
Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 8 августдаги 175-сон қарор билан тасдиқланган “Тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари тўғрисида”ги низомнинг 12-бандида туман, туманлараро, шаҳар ва ихтисослаштирилган ТМЭКлар ўзларига юкланган вазифаларга мувофиқ меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда майиб бўлган ёки соғлиғи бошқача тарзда шикастланган ходимларнинг касби бўйича меҳнатга лаёқатини йўқотганлик даражасини ва қўшимча ёрдам турларига муҳтожлигини аниқлаш, ногиронларни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастурларини ишлаб чиқиш, реабилитация тадбирларининг турлари, шакллари, муддатлари ва ҳажмларини белгилаш, даволаш-профилактика муассасалари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда дастурларнинг бажарилиши ҳолатини кузатиш, ўтказилган реабилитация тадбирларининг самарадорлигини аниқлаш, хизмат кўрсатиладиган ҳудудда ногиронликнинг аҳволи ва ўсишини ўрганиш ва бош ТМЭКга тегишли маълумотлар тақдим этиш, аҳоли ўртасида тиббий-меҳнат экспертизаси, ногиронликнинг олдини олиш, ногиронларни тиббий-ижтимоий ва касб бўйича реабилитация қилиш масалалари бўйича тушунтириш ишлари олиб бориш функцияларини бажариши белгиланган.
Шунга кўра Пешку туман адлия бўлими томонидан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 26, 27-моддаларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида”ги Низомга асосан фуқаро манфаатида Пешку туман маъмурий судига Бухоро вилоят 23-сон Ромитан туманлараро тиббий-меҳнат эксперт комиссиясига фуқаро Бақоев Фатҳидин Тожиевичга нисбатан 2011 йил июль ойидан ногиронликнинг иккинчи гуруҳини белгилаш мажбуриятини юклатиш бўйича ариза киритилган.
Маъмурий суднинг 02.12.2019 йилдаги ҳал қилув қарорига асосан ариза қаноатлантирилган ва Бухоро вилоят 23-сон Ромитан туманлараро тиббий-меҳнат эксперт комиссиясига фуқаро Бақоев Фатҳидин Тожиевичга нисбатан 2011 йил июль ойидан ногиронликнинг иккинчи гуруҳини белгилаш мажбуриятини юклатилган.
Шу билан масалага ечим топилди деб хулоса чиқаришга шошилманг!
Фуқаро Ф.Бақоевга 2011 йилнинг июль ойидан 2019 йилнинг мартга қадар 2-гурух ногиронлиги белгиланганлигини, бироқ у 3-гурух ногиронлиги учун пенсия олиб келганлиги сабабли ўзига нисбатан 2011 йилнинг июл ойидан 2-гурух ногиронлиги белгиланганлиги муносабати билан Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси рахбарига 2011 йилнинг июль ойидан 2019 йилнинг март ойига қадар 3-гурух ногиронлиги пенсия тўлови билан 2-гуруҳ ногиронлиги пенсия тўлови ўртасидаги фарқни аниқлаб тўлаб беришни сўраб мурожаат қилганида, унинг аризасига ижобий жавоб берилмаганлиги сабабли адлия бўлимга яна ҳуқуқий ёрдам мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Пешкў туман бўлими рахбари суд қарорида тўлаш тўғрисида охирги тўхтамга келинмаганлигини важ қилганлиги боис туман адлия бўлими томонидан фуқаро манфаатида Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Пешкў туман бўлими рахбари зиммасига фукаро Бақоев Фатҳидин Тожиевичнинг 2011 йил июль ойидан 2-гурух ногирони деб эътироф этилганлигини инобатга олган ҳолда 2011 йил июль ойидан 2019 йил март ойигача 3-гуруҳ ногиронлик пенсия тўлови билан 2 - гуруҳ ногиронлик пенсия тўловини ўртасидаги фарқни қайта ҳисоблаб 2 - гуруҳ ногирони пенсияси тўлаш мажбуриятини юклаш хусусида Пешку туман маъмурий судига ариза киритилишига асос бўлган.
Ваниҳоят, Пешку туман маъмурий судининг 2020 йил 14 январдаги ҳал қилув қарорига асосан Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Пешкў туман бўлими рахбари зиммасига фукаро Бақоев Фатҳидин Тожиевичнинг 2011 йил июль ойидан 2-гурух ногирони деб эътироф этилганлигини инобатга олган ҳолда 2011 йил июль ойидан 2019 йил март ойигача 3-гуруҳ ногиронлик пенсия тўлови билан 2- гуруҳ ногиронлик пенсия тўловини ўртасидаги фарқни қайта ҳисоблаб 2-гуруҳ ногирони пенсиясини тўлаш мажбурияти юклатилган.
Ташкилий-назорат ва таҳлил ишлари бўлими бошлиғи Б.Мансуров