Янгиликлар
Паррандачилик етти хазинанинг бири.
Паррандачилик етти хазинанинг бири сифатида эътироф этилади. Албатта, шароити бўлган хонадонда товуқ боқилса, ўша уйда ўз-ўзидан барака унади. Имкони бўлса, паррандачиликка ихтисослашган корхона бўлса, ундан ҳам яхши. Бунда фақатгина оила ва яқинлар корига ярабгина қолмай, балки атрофда яшаётган одамлар, умуман, халқимиз дастурхони тўкинлигига хизмат қилинади. Бундан ҳар иккала тараф ҳам манфаатдор бўлиши, шубҳасиздир.
Тарихдан маълумки, бизнинг шароитда парвариш қилинадиган уй товуқлари бошқа қишлоқ хўжалик паррандаларига нисбатан кенг тарқалган. Бугунги кунга келиб, мазкур товуқлар саноат паррандачилиги фабрикаларида, фермер хўжаликларида ҳамда уй шароитида парваришлашга мослаштирилган.
Айни пайтда мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш тармоғини жадал ривожлантиришга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, кейинги йилларда мазкур соҳада бир қатор ижобий ўзгаришлар кузатилди.
Хусусан, Президентимизнинг 2019 йил 13 ноябрь кунидаги ПҚ-4015-сонли қарорларига асосан Замонавий технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш жараёнини модернизация қилиш ва тайёр паррандачилик маҳсулотлари экспортини кенгайтиришга тўсқинлик қилаётган қатор муаммоларга барҳам бериш мақсадида қуйидагича тартиб белгиланди:
Паррандачилик нозик, шу билан бирга сердаромад соҳа ҳисобланади. Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида паррандаларни боқишда мавжуд тавсияларга амал қилиш мақсадга мувофиқ. Парранда учун баҳор ва ёз фасллари ғоят қулай шароит ҳисобланади. Жониворлар ана шу фаслларда тез вояга етиб, куз ойларида тухум бера бошлайди ва қишловга бақувват ҳолда киради. Соғлом парранда етиштириш ҳамда ундан кўплаб тухум олиш учун парваришга фақат соғлом, тирик вазни 35-40 грамм, ҳаракатчан, оёғида маҳкам турувчи, яхши патли ва қанотлари гавдасига мустаҳкам қисилган жўжалар танланади.
Бинодаги мосламалар, инвентарлар ташқарига чиқарилиб, хонанинг ичи ДУК ёки АГУД-2 аппаратларида аэрозол (пуркаш) усули билан формалин ёрдамида дориланади. Шу тариқа дезинфекцияланиб тайёрланган хона жўжаларни келтиришдан икки кун олдин 32–33 даражада иситилади.
Жўжа ўстириладиган хонанинг ҳарорати биринчи ҳафтада 33–28, иккинчи ҳафтада 28–26, учинчи ҳафтада 26–24, тўртинчи ҳафтада 24–22, бешинчи ҳафтада 22–20, олтинчи ҳафтада 20–18 даража иссиқ бўлиши лозим.
Паррандахона поли иссиқ, мустаҳкам, текис ва силлиқ бўлиши муҳимдир. Полга 15–20 см қуруқ материал тўшалади. Ана шундай материал сомон ва ёғоч қириндиси (опилка) бўлиши мумкин. Полга олдиндан 0,5 кг ҳисобида 1 кв.м га пушонка оҳак сепиб чиқилади.
Жўжа боқиладиган хоналарнинг ҳар 100 бошга мўлжаллаб алоҳида катакларга ажратиб қўйилиши мақсадга мувофиқдир. Одатда жўжа тухумдан чиққанидан 16 соат ўтгач, озиқлана бошлайди. Уларга дастлаб қотириб қайнатилган тухум ва қатиқни маккажўхори ёки буғдой ёрмасига аралаштириб бериш керак. Учинчи кундан эътиборан жўжа озуқасига майдаланган беда ва сабзи қўшилади.
Ёш жўжалар турли ошқозон-ичак касалликларига чалинувчан бўлади. Бунинг олдини олиш учун сувдонлардаги сув 1 кунда икки марта алмаштирилади ва ҳафтада икки марта оч пуштиранг марганцовка эритмаси солиб турилади. Эритма 1 соатдан сўнг тўкиб ташланади, идиш эса тоза сув билан тўлдирилади. Биринчи, иккинчи ва учинчи кунлари жўжаларга 1 процентли глюкоза сув билан ичирилади.
Бир суткалик ёшда «Марек» касаллигига қарши эмланади. Жўжаларни пуллороз-тиф касаллигидан сақлаб қолиш учун учинчи-еттинчи кунлигида уч-беш кун давомида ҳар минг жўжага 5 грамм ҳисобида фурозолидон ёки 10 грамм левомицитин берилади. Беш кунлигидан эътиборан жўжаларга оқсилли емлар ва бошқалар тарқатилади.
Жониворларни 10–12 кунлигида ўлат (ньюкасл) касаллигига қарши биринчи бор эмланади. Бунда «Ла Сота» ва «Н» вирус вакциналардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Анча серташвиш бўлса-да, бу усул паррандаларни ўлатдан сақлашнинг энг ишончли йўлидир. «Н» вирус-вакцина асосан товуқларга қўлланилади. Бунда вирус-вакцина 1:100, 1:200 нисбатда суюлтирилиб, ҳар бир паррандага 1 миллилитр ҳисобидан унинг мушаги ичига юборилади. Бунда ўлатга нисбатан иммунитет 48 соатдан сўнг ҳосил бўлади ва 48 соатдан 72 соатгача давом этади. «Н» вакцина касаллик доимий учраб турадиган жойларда яхши самара беради.
Юқоридаги тавсияларга тўла амал қилиш соғлом, юқори маҳсулотли товуқлар етиштириш кафолатидир.
Бир сўз билан айтганда, вилоятда қишлоқ хўжалиги соҳасининг муҳим тармоқларидан бири бўлган паррандачиликни ривожлантиришга қаратилган сайъ-харакатлар келгусида аҳолимизни парранда ва парранда маҳсулотларига бўлган талабини қондиришга хизмат қилади.
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи Б.Нишонов