Янгиликлар
Тадбиркорлик замон талаби!
Бугун юртимизда тадбиркор бўлиш иштиёқидаги одамлар учун барча имкониятлар эшиги кенг очилган. Қулай ишбилармонлик муҳити яратилган ва тадбиркорлик субъектлари учун зарур ҳуқуқий кафолатлар белгиланган, фақатгина ушбу кафолотларни билиш ва улардан самарали фойдаланиш бизнес ривожининг асосий омилидир. Шу боис ҳудудий адлия органлари томонидан тадбиркорларнинг ҳуқуқий билими ва маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Зеро, бугунги кунда Республикамизда лимон кўчатларини етиштириш ва лимон етиштирувчи иссиқхона хўжаликларини ташкил этишни жадал ривожлантириш, соҳанинг экспорт салоҳиятини янада юксалтириш ҳамда аҳоли бандлиги ва даромадлари даражасини ошириш, айниқса, қишлоқ жойларда янги иш ўринлари яратиш механизмини таъминлайдиган ягона ташкилий тизимни барпо этиш ҳамда инновацион технологиялар асосида лимон етиштиришни комплекс ривожлантириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида лимончилик соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 6 мартдаги 3586-сон қарорлари лимончилик тармоғини янада ривожлантириш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш мақсадида қабул қилинган.
Серқуёш ватанимиз тупроқлари унумдор ва бу заминда ҳар қандай ўсимлик гуркираб ҳосил беради. Ҳозирги кунда лимончиликдан олинган ҳосилни республикамиз аҳолисига ҳамда хорижий мамлакатларга экспорт қилиш даромадни кўпайтиришнинг асосий йўлларидан биридир.
Бу каби эътиборни иқтисодиётимизнинг таянч устунларидан бири бўлган фермерлик ҳаракати мисолида кўрса бўлади. Бугун аграр соҳада хусусий секторнинг иштироки қай даражада самара бераётганини сезиш қийин эмас. Тармоқ доим ривожланишда, ишлаб чиқариш маҳсулдорлиги йил сайин ортяпти. Буларнинг ҳаммаси одамларнинг ерга муносабати тубдан ўзгаргани, меҳнатидан манфаатдорлиги ошгани, замонавий технологиялар муттасил жорий этилаётгани эвазига бўлаяпти.
Дарвоқе, ҳар бир шахс тегишли тижорат банкларида берилаётган имтиёзли кредитлардан фойдаланган ҳолда ўз томорқасида ҳам лимон етиштириб юқори даромад олиши мумкин.
Келинг бир ҳисоб-китоб қилиб кўрамиз.
1 сотихли иссиқхонада лимон етиштириш учун сизга 16-20 дона лимон кўчати керак бўлади. Унинг жами баҳоси 400 000 сўм, иссиқхона жиҳозлари учун жами 6 500 000 сўм, минерал ўғит ва агротехник хизматлар учун 200 000 сўм сарфлайсиз.
Ҳар бир 3 ёшли лимон кўчати ўртача 10 килограмм ҳосил беришини ҳамда йилдан йилга ҳосил ошиб боришини ҳисобга олсак экилган йилдан бошлаб ҳар бир кўчатдан 130 000 сўмдан даромад олиш мумкин.
Шунда 1-йил 2 000 000 сўм, 3-йил 4 000 000 сўм, 5-йил эса 6 400 000 сўм даромад олинади. Агарда лимон дарахти 30 йил ҳосил беришини ҳисобга олсак харажатларни 3 йилда қоплайсиз, қолган 27 йил эса фақат фойда кўрасиз. Агар сиз бир йилда дарахтга шакл бериш орқали ҳар бир тупдан 40 донадан қаламча кесиб олсангиз ва қатор ораларига қадаб қўйсангиз 800 дона кўчат етиштириб олиш имконига эга бўласиз. Ҳар бир кўчатни энг камида 5 000 сўмдан сотиш орқали эса 4 000 000 сўм даромад олишингиз мумкин. Яна сизда лимон қаторлари орасидан 3 йил давомида сабзавот экинларини етиштириб қўшимча даромад олиш имкони ҳам бўлади.
Дарҳақиқат, меҳнатда гап кўп. Боз устига яна бу меҳнат қўллаб-қувватлаб, рағбатлантириб турилса, ишда унум, даромадда барака бўлади.
Аслида деҳқон қачон шундай меҳнат қилади? Қачонки меҳнати қадр топса, қачонки ернинг ҳақиқий эгаси эканлигини ҳис этиб, бугунию эртаси шу замин билан боғлиқлигини тушуниб етса. Қатъий ишонч билан айтиш мумкинки, ҳозир юртимиздаги деҳқону фермерда ана шу туйғу шаклланиб улгурди. Зеро, мамлакатимизда қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, соҳадаги барча жараёнларнинг тобора такомиллаштирилиши, фермерлик ҳаракатининг ҳар томонлама ривожланиши ва янада кўпроқ қўллаб-қувватланиши, хўжаликлар моддий-техник базасининг йилдан-йилга мустаҳкамланиб бораётганлиги шундан далолат бериб турибди.
Ҳуқуқий тарҳибот ва маърифат бўлими бошлиғи Б.Нишонов