Янгиликлар
Банк мижоз учун…ми ёки?
“Мижоз банк учун эмас, банк мижоз учун” деган шиор аллақачон барча банкларнинг пештоқини безашга улгурди. Аммо унга барча жойда ҳам бирдек амал қилинаяпти, деб айтиш қийин. Қуйидаги мисол бу фикримизнинг исботи бўла олади.
Бухоро шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Миршод Пўлатовнинг “Асака” банк Бухоро шаҳар филиалидан ортиқча ҳисобланган фоизларни асосий қарзни сўндиришга йўналтирилмаганлиги оқибатида 11 миллион сўмлик маблағлар асоссиз ҳисоб рақамда сақланганлиги туфайли кредитга ортиқча фоиз ҳисобланганлигини ва ортиқча ҳисобланган фоиз ва маънавий зарарни ундириб беришни сўраб шаҳар адлия бўлимига қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, “Асакабанк” ДАТ Бухоро филиали ва М.Пўлатов ўртасида ипотека кредити расмийлаштирилиб, унга мувофиқ шаҳардан квартира сотиб олиш мақсадида 180 ой муддатга йиллик 12 фоиз тўлаш шарти билан 45,0 миллион сўм ажратилган.
Тақдим қилинган ҳужжатларда банк томонидан 5,0 миллион сўмни ўз вақтида сўндирмаслик оқибатида 492,0 минг сўм қўшимча фоиз вужудга келганлиги маълум қилинган бўлиб, банк филиалига ипотека кредитига ортиқча ҳисобланган 492,0 минг сўмлик фоизларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритилди ва ортиқча фоиз “Асака” банк Бухоро шаҳар филиалининг собиқ ходими Ҳ.Тўраев томонидан ундирилиб, фуқаро М.Пўлатовнинг ҳисоб рақамига кирим қилинишига эришилди.
Бухоро шаҳар адлия бўлими бошлиғи А.Бафаев