Янгиликлар
“Street Law” лойиҳаси доирасида тарғибот тадбири ўтказилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонида ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш, аҳолига қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини етказиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш адлия органларининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган.
Мазкур Фармон талабларидан келиб чиқиб, аҳолининг барча қатламларининг ҳуқуқий саводхонликка эришишлари ҳамда ҳуқуқий билимларини кундалик ҳаётда қўллай олишлари мақсадида, Адлия вазирлиги ташаббуси билан юртимизнинг барча ҳудудларида доимий равишда “Street law”(кўча ҳуқуқи, оддий ҳуқуқ) лойиҳаси доирасида тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.
Янги қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини содда, халқчил тилда етказиш, фуқаролар ва хусусан ёшларнинг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган мазкур лойиҳада эндиликда ҳуқуқшунос талабалар, юридик коллеж ўқувчиларидан иборат “Ёш ҳуқуқшунослар” кўнгиллилардан ташкил топган тарғибот гуруҳи фаолияти ҳам йўлга қўйилган бўлиб, мазкур лойиҳада “Ёш ҳуқуқшунослар” тарғибот гуруҳи ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Жорий йилнинг 25 февраль куни навбатдаги «Street law» (Кўча ҳуқуқи — оддий ҳуқуқ) лойиҳаси доирасида Бухоро шаҳридаги “Марказий деҳқон бозори”да “Ер умуммиллий бойлигимиз” номли акция амалга оширилди.
Акцияни бошлаш олдин Марказий деҳқон бозори радиоузелидан Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи Б.Нишонов томонидан ердан оқилона фойдаланиш давр талаби, ўзбошимчалик билан ерларни эгаллаб олиш ҳамда иморат қилишнинг салбий оқибатлари, уй-жой қуриш учун ер участкалари қай тартибда олиниши тўғрисида маъруза қилинди.
Кун давомида тадбиркорларга ва халққа бир неча турдаги, хусусан “Снос” ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартиби, ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларида қурилган бино ва иншоотларни бузиш тартиби, олий таълим муассасаларига киришда 2020/2021 ўқув йилидан қандай ўзгаришлар кутиляпти?, шунингдек, адлия вазирлигининг телеграмм каналидаги “Ҳуқуқий ахборот” каналига уланиш, бепул ҳуқуқий маслаҳат беришга мўлжалланган “Advice.uz” портали ҳақидаги ва бошқа аҳолининг кундалик ҳаётида кўп учрайдиган ҳуқуқий масалалар юзасидан тайёрланган 600 дан ортиқ флаер ва буклетлар тарқатилиб, улар томонидан берилган саволларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Шунингдек тадбир давомида аҳолининг ҳуқуқий билимларини тест саволлари орқали аниқлаш, аҳолининг ҳуқуқий билимини оширишга қизиқтириш ҳамда уларни раҳбатлантириш мақсадида аҳоли ўртасида тест савол-жавоблар ташкиллаштирилиб, саволларга тўғри жавоб берган фуқаролар адлия логотипи туширилган блокнот ва ручкалар билан тақдирландилар.
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси Н.Джураева