Янгиликлар
Адлия аралашгач фуқароларнинг иш ҳақлари ундириб берилди.
Давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз қарорлари меҳнат ҳамда бандлик муаммоларини ҳал этиб боришга хизмат қилмоқда. Кичик бизнесни, хусусий корхоналарда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатишни, якка тартибда ва оилавий тадбиркорликни, ҳунармандчиликни ривожлантириш, фуқаролар ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш баробарида янги ва қўшимча иш ўринлари яратилмоқда. Бўш иш ўринлари ярмаркаларида коллежларнинг битирувчи ёшлари, фуқаролар ишга жойлашиш имкониятидан фойдаланишяпти. Бу каби имкониятларнинг яратилиши фуқароларимизнинг эртанги кунига ишонч уйғотиш ва ҳамюртларимизнинг бегона юртда сарсон бўлишининг олдини олишдир.
Бироқ гуруч курмаксиз бўлмаганидек, айрим ташкилот раҳбарлари хатти-ҳаракатларидан олиб борилаётган ислоҳотлар уларга тегишли эмасдек гўё!
Ҳаммамизга маълумки, ҳудудий адлия органлари томонидан жойларда иш ҳақи ўз вақтида тўланиши ҳамда муддати ўтган қарздорлик вужудга келган ҳолларда қарздорликни бартараф этиш ва айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш юзасидан бир қатор самарали ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, Бухоро туман адлия бўлими бошлиғи У.Тўхтаев томонидан жорий йилнинг 6 февраль куни тумандаги Янги Турмуш МФЙ ҳудудида ўтказилган сайёр қабул давомида фуқаролар Я.Комеков ва Н.Худойбергановаларнинг Бухоро тумандаги "Янги Турмуш Техника" МЧЖ шаклидаги МТПдан иш ҳаққиларини ундириб бериш юзасидан ҳамда фуқаро Г.Джабборованинг эса айнан шу МТПдан марҳум турмуш ўртоғи Р.Ғойибовнинг тўламаган ойлик иш ҳаққисини ундириб беришда тўғрисидаги аризалари қабул қилиб олинган.
Адлия ходимлари томонидан мурожаатлар батафсил ўрганиб чиқилганда:
- фуқаро Я.Комеков Бухоро туман “Янги турмуш техника” МЧЖ шаклидаги машина трактор паркига 2004 йил 24 январ кунидаги 2-сонли буйруқ асосида қоровул вазифасига ишга қабул қилинганлиги, фуқарога 2014 йилдан 2017 йилга қадар иш ҳақидан қарздорлиги 2 989 462 (икки миллион тўққиз юз саксон тўққиз минг тўрт юз олтмиш икки) сўм мавжудлиги;
- фуқаро Н.Худойберганова Бухоро туман “Янги турмуш техника” МЧЖ шаклидаги машина трактор паркига 2012 йил 2 март кунидаги 6-сонли буйруқ асосида кадрлар бўлимига ишга қабул қилинганлиги ва фуқарога 2014 йилдан 2017 йилга қадар иш ҳақидан қарздорлиги 10 496 375 (ўн миллион тўрт юз тўқсон олти минг уч юз етмиш беш) сўм мавжудлиги;
- фуқаро Г.Джабборованинг марҳум турмуш ўртоғи Р.Ғойибов Бухоро туман “Янги турмуш техника” МЧЖ шаклидаги машина трактор паркига 2004 йил 24 январ кунидаги 2-сонли буйруқ асосида сарой мудири вазифасига ишга қабул қилинганлиги, марҳум ходим Р.Ғойибовга 2014 йилдан 2017 йилга қадар иш ҳақидан қарздорлиги 13 311 142 (ўн уч миллион уч юз ўн бир минг бир юз қирқ икки) сўм мавжудлиги аниқланган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 161-моддасида меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланиши ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмаслиги, ходимларнинг айрим тоифалари учун алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан иш ҳақи тўлашнинг бошқа муддатлари белгилаб қўйилиши мумкинлиги, меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга тегишли барча суммаларни тўлашлиги, жамоа шартномасида иш берувчининг айби билан ходимга ҳақ тўлаш белгиланган муддатларга нисбатан кечикканлиги учун жавобгарлик назарда тутилиши мумкинлиги белгиланган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Бухоро туман адлия бўлими томонидан фуқароларнинг манфаатида ФИБ Бухоро туманлараро судига аризалар киритилди ва суднинг 14.02.2020 йилдаги буйруқларига асосан Бухоро туман, “Янги Турмуш техника” МЧЖ шаклидаги машина трактор паркидан фуқаро Н.Худойберганова фойдасига 10.496.375 сўм, фуқаро Я.Комеков фойдасига 2.989.462 сўм, фуқаро Г.Джабборова фойдасига 13.311.142 сўм иш ҳақи ундириб бериш белгиланди.
Бухоро туман адлия бўлими бошлиғи У.Тўхтаев