Янгиликлар
Адлия аралашгач тадбиркорнинг ҳуқуқи тикланди!
Ҳозирги кунда мамлакатимизда урбанизация жараёнлари авж олганлиги ҳеч кимга сир эмас. Минглаб йиллар давомида ривожланиш тажрибасига эга бўлган давлатлар қаторида юртимиз қисқа муддатда жаҳонга юз очиб улгураётгани ҳаммамизни қувонтиради. Обод юрт ва фаровон турмуш учун шаҳар ва туманлар, қишлоқлар ва маҳаллаларни ободонлаштириш, инфраструктурасини яхшилаш йўлида давлат ва маҳаллий бюджетларнинг катта қисми ижтимоий соҳага ажратилаётганлигининг боиси ҳам шунда.
Айниқса Бухоро вилояти кейинги икки ярим-уч йил ичида ривожланишнинг янги босқичига қадам қўйди десак муболаға бўлмайди. Буни шаҳар-туманларимиздаги олиб борилаётган янгиланиш, қайта қуриш ишларидан ҳам билиб олишимиз мумкин.
Таъкидлаш жоизки, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ер участкаларидаги турар ва нотурар жойларнинг бузилиши муносабати ҳар бир мулкдорларга аниқ рўйхат асосида бошқа ҳудуддан ер участкалари, компенсация тўловлари тўлаб берилди. Баъзи мулкдорларга ўз хоҳишига қараб, товон пули тўланган бўлса айримларига товон пули ўрнига бино қуриш учун қўшимча ер майдони ажратилди.
Жумладан, фуқаро У.Рахматовнинг адлия вазирлигига қилган мурожаати адлия бошқармаси ходимлари томонидан ўрганиб чиқилганда, Бухоро шаҳридаги собиқ “Дилкушо” деҳқон бозори ҳудудида шаҳар ҳокимининг қарорига мувофиқ мурожаат муаллифининг 304-сонли ва 306-сонли савдо дўконлари унга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлганлиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 мартдаги "2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги ПҚ-2853-сон қарорига асосан “Дилкушо” деҳқон бозори реконструкция қилиниб, унинг ҳудудида замонавий савдо мажмуаси қурилиши белгиланганлиги муносабати билан мутасадди ташкилотлар томонидан савдо дўконлари бузилган бўлсада, мулкдор У.Рахматовга компенсация тўлаб берилиши масаласи ҳал қилинмаганлиги аниқланган.
Шу муносабат билан адлия ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан 19.02.2020 йилдаги 345-С-сон шартномага асосан тадбиркор У.Рахматовга Замонавий савдо мажмуасидан умумий майдони 27 кв.метр жой ажратилиб берилиши таъминланди ва мурожаат қаноатлантирилди.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи Т.Азимов