Янгиликлар
САЙЁР ҚАБУЛ НАТИЖАСИДА ФУҚАРОЛАРНИНГ ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ВА ТАШКИЛОТЛАРИГА БЎЛГАН ИШОНЧИ ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАНМОҚДА.
Бугун давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифалар моҳиятини англаган, зиммасидаги масъулиятни ҳис қилган раҳбарлар халқ билан яқин бўлишга интилиб, мулоқотнинг самарали усулларидан фойдаланмоқда. Асосий вазифаси халққа хизмат қилиш, уларни рози қилиш эканлигини чуқур англаган ҳолда чекка ҳудудларда сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда. Бу эса ўз самарасини бериб, одамларнинг давлат идораларига бўлган ишончини сезиларли даражада оширмоқда. Дарҳақиқат, Президентимизнинг ташаббуслари билан халқни эшитиш, аҳолининг талаб ва истакларини рўёбга чиқариш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди, десак муболаға бўлмайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги ПФ-5718-сон “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш ва жойларда учрашувлар ўтказиш бўйича ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи томонидан жорий йилнинг 27 февраль куни Бухоро вилоятида тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар ўтказилди.
Сайёр қабул тасдиқланган режа-графикка асосан Республика Адлия вазири ўринбосари Акбар Ташкулов бошчилигида Вобкент, Ғиждувон, Бухоро, Шофиркон, Пешку, Ромитан туман аҳолиси учун Вобкент тумани ҳокимлиги биносида, Бухоро ва Когон шаҳар, Когон, Жондор, Қоракўл, Олот, Қоровулбозор туман аҳолиси учун Давлат хизматлари агентлиги Бухоро вилоят бошқармаси биносида бўлиб ўтди.
Барча даражадаги раҳбарларнинг аҳоли билан бевосита мулоқотга кириши, айниқса, сайёр қабуллар орқали мурожаатчилар ҳузурига бориши халқимизнинг адолатга, давлатга, эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, очиқ мулоқотларда аҳолига муносиб иш ва турмуш шароити яратиш борасида бор куч ҳамда имкониятлар ишга солинмоқда ва бундай саъй-ҳаракатлар уларнинг мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини юксалтириб, дунёқарашини тубдан ўзгартириш, яратувчанлик ва ташаббускорлигини оширишга замин яратаётир.
Тадбиркорлар масалаларига бевосита дахлдор вазирликлар, давлат қўмиталари, шунингдек, солиқ, божхона, ер ресурслари ва давлат кадастри хизматлари, молия, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги бошқармалари, тижорат банклари бошқарувчилари, коммуникация ва муҳандислик тармоқлари мутасаддилари, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг ўринбосарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган очиқ мулоқотда юзга яқин тадбиркорнинг мурожаати ўрганилди.
-Ҳозирда янгидан қурилган “Ғиждувон деҳқон бозори” ўрнида 60 метр квадрат ҳажмдаги, дорихона сифатида фойдаланиб келган мулкимиз бор эди,-дейди ўзини Баҳодир Исмоилов деб таништирган тадбиркор.-Бизга бинони баҳоланган нархига қараб компенсация пулини ҳам қисман тўлашди ва туман марказининг чеккароғидан дўкон учун жой таклиф қилдилар. Аммо мен компенсация пулини рад этиб, айни бозор ҳудудидан 60 метрдан кам бўлмаган ўлчамда дўкон сўраганман. Сабаби оилада фарзандларим билан қўшиб ҳисоблаганда 5 киши олий маълумотли фармацевтлармиз. Шу йўл билан дорихона фаолиятини кенгайтириш ва рўзғоримиз моддий манфаатдорлигини таъминлашимиз мумкин.
-Яшаш уйимиздан 30 километрдан узоқроқда, чўлнинг нообод еридан бир гектар сунъий ҳавза очиб, икки йилдан буён балиқчилик билан шуғулланиб келамиз,-дейди Пешкў тумани Қўрғон қишлоғида яшовчи Абдуҳалим Нарзуллаев.-Очиғи, фойда олиш учун ҳозирча фақат сарфлаяпмиз, чунки балиқчиликнинг ҳам машаққати бисёр. Бу ишдан бутунлай воз кечгандан кўра, ер олиб, ҳавзани кенгайтириб, чавоқ сонини оширсак, деган қарорга келдик. Шу масалада бизга амалий ёрдам керак. Қолаверса, қанотимга кирган ва ҳозирда фақат балиқчилик билан шуғулланаётган икки ўғлимга имтиёзли кредит маблағи ажратилса, хўжалигимизда ўнга яқин иш ўрни ҳам ташкил этган бўлардик.
Сайёр қабулда ҳар бир мурожаатчининг арзи-ҳоли тингланиб, уларнинг эътирозига сабаб бўлган ҳолатлар чуқур таҳлил қилинган ҳолда, бартараф этиш бўйича масъул ходимлари иштирокида чора-тадбирлар белгилаб олинди. Аксарият мурожаатларда келтирилган қонун бузилиши ҳолатлари ва бошқа ижтимоий-иқтисодий муаммолар жойида ҳал этиш чоралари кўрилди.
Мухтасар айтганда жойларда ўтказилаётган бу каби сайёр қабулларда кўплаб муаммолар ижобий ҳал этилиши билан бирга, давлат органлари раҳбарларининг аҳоли билан юзма-юз учрашиб, мулоқот қилиши уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ҳаётдан рози бўлиб яшашида муҳим омил бўлмоқда.
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи Б.Нишонов