Янгиликлар
Мигрантларни ҳуқуқий, молиявий ва моддий қўллаб-қувватлаш воситалари яратилмоқда.
Жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириб бориш қонун устуворлигини таъминлашнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.
Шунга кўра вилоят адлия бошқармаси ва бандлик бош бошқармаси ҳамда уларнинг туман (шаҳар) бўлимлари ҳамкорликда "Мигрантга ҳуқуқий ёрдам" лойиҳаси доирасида меҳнат мигрантларига ҳуқуқларини тушунтириш, соҳада қабул қилинаётган қонун ҳужжатларини уларнинг хабардорлигини ошириш борасида бир қатор тарғибот тадбирлари амалга оширилди.
Тарғибот тадбирлари давомида иштирокчиларга юртимизда охирги уч йил давомида илк бор меҳнат мигрантларини ҳуқуқий, молиявий ва моддий қўллаб-қувватлаш воситаларини яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигини, ушбу соҳада мамлакат фуқароларининг хорижда меҳнат фаолиятини юритиш бўйича ўз ҳуқуқларини амалга оширишга ёрдам кўрсатиш мақсадида шу йилнинг август ойида қабул қилинган иккита муҳим ҳужжат Президентимизнинг 2019 йил 20 августдаги “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида”ги фармони, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 августдаги “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил тушунтиришлар бериб ўтилмоқда.
Дарҳақиқат, қабул қилинган ҳужжатлар моҳиятан фуқароларимизнинг мамлакат ҳудудидан ташқарида ишга жойлашиши, шунингдек, Ватанга қайтганларидан сўнг жамиятга қўшилишини таъминлаш, меҳнат мигрантларининг Ўзбекистондаги оилаларига ижтимоий-маиший муаммоларни ҳал қилиш, яшаш шароитларини яхшилаш, меҳнатга лаёқатли оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш орқали уларнинг даромадлари ва турмуш даражасини оширишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича республикамизнинг ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни амалга оширишда кучли рағбат бўлмоқда ва шуни таъкидлаш керакки илк бор хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишни мўлжаллаётган меҳнат мигрантларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари амалга оширилмоқда, уларга кредитлар, микроқарзлар ҳамда фуқароларнинг ҳаёти ва саломатлигини суғурталаш бўйича суғурта мукофотини қоплаш учун субсидиялар берилмоқда.
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими