Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

06

Ҳоким қарори нега ҳақиқий эмас деб топилди?


Адолат ва қонун устуворлиги жамият барқарорлигининг асосий омилидир. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда адлия органларининг ўз ўрни бор.

Дарҳақиқат, бугунги кунда адлия органларида қонунга риоя этиш ва жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш олий мезонга айланиб бўлди.

Жумладан, вилоят адлия бошқармаси томонидан Шофиркон туман Талисафед МФЙ Талисафед қишлоғида яшовчи фуқаро М.Намозовнинг “Намоз Мўмин” фермер хўжалигига қарашли ер майдони туман ҳокимлиги мансабдор шахслари томонидан олиб қўйилганлигидан норози бўлиб, туман ҳокимининг тегишли қарорини бекор қилишни сўраб ёзган мурожаати ўрганилиб қуйидагилар аниқланди.

  “Намоз Мўмин” фермер хўжалиги раҳбари Ф.Намозовнинг аризаси олинмасдан туман ҳокимининг 2019 йилнинг 28 январдаги 253-сонли қарори билан фермер хўжалигининг жами 2,0 гектар ер участкаси захира ер фонди ҳисобига қайтарилган ва ушбу ҳолат туман адлия бўлими, туман ҳокимлиги ва туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими масъул ҳодимлари иштирокида тузилган далолатнома билан ҳам ўз исботини топган.

Бундан ташқари, “Намоз Мўмин” фермер хўжалигининг туман захира ер фонди ҳисобига қайтарилган ер участкаси туман ҳокимининг 2019 йил 29 январдаги 750-сонли қарорига асосан тумандаги “Ғафур Жўра” фермер хўжалигига қўшиб берилган.

Бундан ташқари, вилоят адлия бошқармаси томонидан “Қонун ҳужжатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида” туман ҳокимлигига киритган тақдимномаси юзасидан Шофиркон туман ҳокимлиги йиғилиши ўтказилган бўлсада, йиғилишда туман ҳокимининг 28.01.2019 йилдаги 253-сонли қарори қонуний қабул қилинган деб ҳисобланиб, уни бекор қилиш мақсадга мувофиқ эмас деб топилган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 24-моддасида ер участкаларини ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса, суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилиши, 36-моддасида бутун ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда бекор қилиниши кўрсатилган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 январдаги 22-сон қарори билан тасдиқланган “Фермер хўжалигининг ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 13-бандида ер майдонини узоқ муддатли ижарага олиш шартномасини бекор қилиш ва фермер хўжалигини тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари (туман (шаҳар) ҳокими) томонидан тақдим этиладиган даъволар асосида, иқтисодий суд қарорига биноан амалга оширилиши, 21-бандида туман (шаҳар) ҳокими халқ депутатлари туман Кенгашининг ер участкасини ижарага бериш шартномасини бекор қилиш ёхуд ер майдонини мақбуллаштириш тўғрисидаги қарори асосида, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, халқ депутатлари туман Кенгашининг қарорини, Комиссиянинг хулосасини, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг хулосасини, далолатномани ва бошқа зарур ҳужжатлар ҳамда материалларни илова қилган ҳолда фермер хўжалиги раҳбари билан ер участкасини ижарага бериш шартномасини бекор қилиш ёхуд унинг ер участкаси майдонини мақбуллаштириш тўғрисида фермер хўжалиги раҳбарига таклиф киритиши, шартномани бекор қилиш тўғрисидаги таклиф фермер хўжалиги раҳбари томонидан рад этилганда ёки Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 384-моддасида белгиланган муддатда жавоб олинмаганда туман (шаҳар) ҳокими, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, халқ депутатлари туман Кенгашининг қарорини, Комиссиянинг хулосасини, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг хулосасини далолатномани ва бошқа зарур ҳужжатлар ва материалларни илова қилган ҳолда фермер хўжалиги билан ер участкасини ижарага бериш шартномасини бекор қилиш юзасидан иқтисодий судга даъво аризасини юбориши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 12-моддасида давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳамда фуқароларнинг ёки юридик шахснинг фуқаролик ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжати суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкинлиги кўрсатилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида”ги Низомга асосан бошқарма томонидан фуқаро Ф.Намозовнинг манфаатида Шофиркон туман маъмурий судига ариза киритилиб, суднинг 2020 йил 17 февральдаги ҳал қилув қарорига асосан ариза қаноатлантирилиб, Шофиркон туман ҳокимининг 28.01.2019 йилдаги 253-сон қарори ҳақиқий эмас деб топилди.


Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш 

амалиётини ўрганиш бўлими бош маслаҳатчиси А.Раҳманов