Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

06

Маънавиятни юксалтириш – давр талаби!


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 декабрдаги
ПҚ-4551-сон қарори билан тасдиқланган Чора-тадбирлар дастури 8-банди ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро вилоят адлия бошқармасида ҳар ҳафтанинг жума куни ҳуқуқий таълим бўйича ўқув соати этиб белгиланган.

Шунга кўра бошқарма ходимларининг ҳуқуқий билимларини юксалтириш, жамоада бирдамлик ва ишчанлик руҳини кўтариш мақсадида жорий йилнинг 6 март куни бошқарманинг мажлислар залида "Ҳуқуқий маърифат соати" ўтказилди.





Тадбирда масъул ходимлар томонидан янги қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти юзасидан, хусусан, бошқарманинг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи Т.Азимов томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ва “Хусусий тиббиёт ташкилотларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Спорт-таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги  ва “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини сақлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ҳақида батафсил тушунтиришлар бериб ўтилди.



Шунингдек, тадбир давомида вилоят Мудофаа ишлари бошқармасининг бир гуруҳ ходимлари ва фахрийлари томонидан мамлакатимиз Қуролли Кучларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси Н.Джураева “Маънавий-маърифий ишлар аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Бунга жавобан масъул ходимамиз Н.Джураева давлатимиз раҳбари томонидан ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг маънавий-маърифий савиясини ошириш борасида қўйилган масъулиятли вазифаларни чин дилдан, тўла-тўкис адо этишга баҳоли қудрат камарбаста бўлишини таъкидлади.



Дарҳақиқат, Президентимизнинг 2018 йил 4 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги ва Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг “Маънавий-маърифий ишлар аълочиси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарорлари бу борада давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни янада кучайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.


Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи Б.Нишонов