Янгиликлар
Ишдан бўшаган Лолага моддий мадад берилмади.
Бухоро шаҳарида яшовчи фуқаро Лола Исломованинг ишдан бўшатилиб, компенсация тўловлари амалга оширилмаганлиги ҳақидаги мурожаати шаҳар адлия бўлими томонидан ўрганиб чиқилди.
Мурожаатни ўрганиш натижасида аниқланишича, фуқаро Л.Исломова Бухоро телекоммуникацион технологиялар ва сервис касб-ҳунар коллежида бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган. Коллежнинг 2019 йил 3 сентябрдаги буйруғи билан Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисм 1-бандига асосан ўзаро имзоланган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Бироқ Л.Исломова билан тузилган меҳнат шартномаси технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришга олиб келган ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги сабабли бекор қилинган бўлса-да, Меҳнат кодексининг 67-моддасида назарда тутилган моддий мадад беришга оид қўшимча кафолатлар ижроси таъминланмаган.
Шу муносабат билан, адлия бўлими томонидан Л.Исломовага қонунчиликда белгиланган моддий мадад беришга оид қўшимча кафолатларни амалга ошириш юзасидан коллеж маъмуриятига тақдимнома киритилди ҳамда меҳнат қонунчилиги бузилганлиги муносабати билан айбдор шахснинг жавобгарлик масаласини ҳал қилиш мақсадида Бандлик Бош бошқармасига маъмурий таклиф киритилди.
Бухоро шаҳар адлия бўлими