Янгиликлар
Мурожаатлар изидан.
Ҳаммамизга маълумки, ҳудудий адлия органлари томонидан жойларда иш ҳақи ўз вақтида тўланиши ҳамда муддати ўтган қарздорлик вужудга келган ҳолларда қарздорликни бартараф этиш ва айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш юзасидан бир қатор самарали ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, Шофиркон туман адлия бўлими бошлиғи Ш.Ражабов томонидан жорий йилнинг 25 февраль куни Шофиркон тумани, Шофиркон-шоҳ қўчасида яшовчи фуқаро А.Хакимовнинг Шофиркон иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежидан иш ҳақисини ундириб бериш юзасидан қилган мурожаати батафсил ўрганиб чиқилганда:
Шофиркон иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежи томонидан мурожаат муаллиф А.Хакимовдан ташқари яна 9 нафар ходимларидан муддати ўтган иш ҳақилари бўйича жами 55 676 340 сўм миқдоридаги иш ҳақи қарздорлиги аниқланган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 161-моддасида меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланиши ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмаслиги, ходимларнинг айрим тоифалари учун алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан иш ҳақи тўлашнинг бошқа муддатлари белгилаб қўйилиши мумкинлиги, меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга тегишли барча суммаларни тўлашлиги, жамоа шартномасида иш берувчининг айби билан ходимга ҳақ тўлаш белгиланган муддатларга нисбатан кечикканлиги учун жавобгарлик назарда тутилиши мумкинлиги белгиланган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Шофиркон туман адлия бўлими томонидан фуқароларнинг манфаатида ФИБ Ғиждувон туманлараро судига белгиланган тартибда аризалар киритилиб, суднинг 09.03.2020 йилдаги буйруқларига асосан қарздор Шофиркон иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежидан манфаатдор фуқаролар А.Хакимов, С.Рўзиев, И.Тошев, Э.Мутақимов, С.Юлдошов, С.Холова, Н.Шарипова, Ш.Адизов, Қ.Саидов, З.Латиповлар фойдасига жами 55 676 340 сўм иш ҳақи ундириб берилиши белгиланди.
Шофиркон туман адлия бўлими